Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, болаларни реабилитация қилиш, тўлақонли ҳаёт тарзини юритишига кўмаклашиш ҳамда имкониятларини ошириш учун уларни замонавий протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш, соҳада ахборот-коммуникацион технологияларини жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2021 йил 28 июль куни ўтказилган ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кенгайтириш бўйича видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларни самарали бажариш мақсадида:
1. Қуйидагилар ногиронлиги бўлган шахсларга, айниқса, болаларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини бугунги босқичда яхшилашнинг энг муҳим йўналишлари деб ҳисоблансин:
мактабгача ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим олаётган эшитиш қобилияти заиф болаларни замонавий эшитиш мосламалари билан таъминлаш орқали мослаштирилган (адаптив) ўқув тизимини жорий қилиш;
кохлеар имплантатларини ўрнатиш бўйича жарроҳлик амалиётини ўтказишдан олдин ва ундан кейинги реабилитация жараёнини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ бепул амалга ошириш;
болаларни туғма, патологик ва орттирилган суяк-мушак тизимидаги ўзгаришлар ва деформацияларни даволаш учун зарур бўлган тиббиёт буюмлари ва эндопротезлар билан узлуксиз таъминлаш, жумладан, экзоскелет ускунасини олиб кириш орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг одатий ҳаётга мослашувини тезлаштириш;
бош миядаги патологик ўзгаришлар (жумладан, гидроцефалия) билан туғилган болаларнинг, шунингдек, янги туғилган чақалоқлар, болалар ва ўсмирлардаги туғма юрак нуқсонларининг жарроҳлик амалиётини ўтказишни давлат таъминотига олиш;
ногиронлиги бўлган шахсларни замонавий электр юритмали ногиронлар аравачалари билан босқичма-босқич таъминлаш;
кўзи ожиз болалар ва катталарни ҳаёти учун зарур бўлган техник воситалар, жумладан, овозли термометр, овозли тонометр ва йиғма Брайл алифбоси билан босқичма-босқич таъминлаш.
2. Эшитиш қобилияти заиф болаларни даволашни сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқиш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг одатий ҳаётга мослашувини осонлаштириш борасида 2021 йил ва келгуси йилларда қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилсин:
2021 йил якунига қадар 2 минг дона замонавий эшитиш мосламаларини харид қилиш ва уларни ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим олаётган эшитиш қобилияти заиф болаларга етказиш;
2021 йилда харид қилиниши режалаштирилган 260 та кохлеар имплантатларига қўшимча равишда 355 та кохлеар имплантатларини харид қилиб, уларни 5 ёшгача болаларга жарроҳлик амалиёти орқали ўрнатиш;
2021 йилда қўшимча 2 минг нафаргача, 2022 йилдан бошлаб эса ҳар йили 3 минг нафаргача болага туғма юрак нуқсони ҳамда бош миядаги патологик ўзгаришлар (жумладан, гидроцефалия) бўйича жарроҳлик амалиётларини ўтказиш;
ҳар йили камида 110 нафар бемор бола учун транспедикуляр тизим (фиксаторлар) тўпламларини харид қилган ҳолда, уларда сколиоз ва умуртқа поғонасининг бошқа патологияси бўйича жарроҳлик амалиётларини амалга ошириш;
йилига ўртача 1 000 нафар болага туғма ва патологик сон чиқишини жарроҳлик амалиётлари орқали даволаш учун зарур металл конструкцияларини сотиб олиш;
ҳар йили камида 140 нафар бемор болада кўкрак қафаси деформациясини даволаш учун 150 та махсус пластиналарни харид қилиш ва ўрнатиш;
бемор болаларга туғма оёқ-қўл патологияларини даволаш учун 350 та Илизаров аппаратларини харид қилиш;
ҳар йили камида 100 нафар бемор болага жарроҳлик амалиётлари давомида суяк дефектларини тўғрилаш учун коллопан гранулаларини харид қилиш;
болалар церебрал фалажи, умуртқа поғонасининг патологик синиши билан касалланган болалар ва катталарда мустақил юриш функцияларини қайта тиклаш учун Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ва унинг ҳудудий марказларини 2021-2023 йилларда 54 та, шундан 2021 йилда 14 та замонавий экзоскелет ускунаси билан таъминлаш;
2021-2025 йилларда 11,6 минг дона, шу жумладан, 2021 йилда 1 100 дона электр юритмали кресло-аравачаларини ногиронлиги бўлган шахслар учун харид қилиш;
кўзи ожиз болалар ва катталарни 9 минг дона овозли термометр, 10 минг дона овозли тонометр, 20 минг дона йиғма Брайл алифбоси билан таъминлаш;
ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар оғир ва фавқулодда вазиятларга тушганда уларга тезкор ёрдам кўрсатиш ҳақида хабар беришнинг инновацион лойиҳасини амалиётга жорий этиш. Бунда, 2021 йилда 5 мингтагача ва 2022-2023 йилларда 12 мингта махсус функцияга эга соатнинг (“Ақлли соат”) Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тегишли тоифадаги шахсларга етказиб берилишини йўлга қўйиш.
3. 2022 йил 1 майга қадар“Ижтимоий хизмат” электрон платформаси ишлаб чиқилсин ва ишга туширилсин.
Белгилансинки, платформа:
тиббий-ижтимоий хизматлар соҳасида хизматларни ахборот-коммуникацион технологиялари асосида кўрсатиш бўйича махсус электрон дастурий таъминот ҳисобланади;
протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилиш техник воситаларига муҳтож бўлган шахсларнинг шаффоф электрон навбат тизимини таъминлайди;
ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматларни кўрсатиш, уларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашга хизмат қилади;
протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларининг яроқлилик муддатини назорат қилиш, уларга кутилаётган эҳтиёжни аниқлаш, мазкур мосламалар ва воситалар билан ўз вақтида таъминлашни амалга ошириш учун барвақт зарур захира яратиш имкони беради;
ногиронлиги бўлган шахс ёки унинг вакили томонидан тиббий-ижтимоий хизматлар бўйича тезкор мурожаат қилиш каби масалаларни ўз ичига олади.
4. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) мазкур қарорнинг 1–3 бандларида назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш учун 2021 йилда Давлат бюджетидан қўшимча маблағ ажратсин, 2022 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда зарур маблағларни инобатга олсин.
5. Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш (Б.А.Мусаев):
бир ой муддатда мазкур қарорнинг 1 ва 2-бандларида белгиланган вазифаларни 2021 йил ва келгуси йилларда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурини, шунингдек, 3-бандида белгиланган платформани яратиш, унинг буюртмачисини аниқлаш ҳамда келгусида техник қўллаб-қувватлаш ва модернизация қилиб боришга қаратилган чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин;
икки ой муддатда тегишли жамоат ташкилотлари ва малакали мутахассислар билан биргаликда 2022 йилдан бошлаб янги туғилган чақалоқларнинг эшитиш қобилиятини неонаталь скринингдан ўтказишни тўлиқ жорий этиш бўйича таклиф киритсин;
зарур ҳолларда мамлакатдаги эпидемиологик вазият, тиббиёт муассасаларининг пандемия давридаги юкламаси ҳамда амалдаги эҳтиёжлардан келиб чиқиб, мазкур қарорнинг 2-бандида белгиланган кўрсаткичларга ўзгартириш киритсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда:
жойлардаги инфратузилмаларнинг ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлигини босқичма-босқич таъминлашга йўналтирилган чораларни, шу жумладан, янги қурилаётган объектлар, йўл инфратузилмаси, фаолият юритаётган жамоат транспорти ва ижтимоий инфратузилма объектларида ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан бўлган талабларга риоя этилишини таъминласин;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат ташкилотлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватласин, улар билан ижтимоий шериклик тўғрисидаги битимларини тузсин;
ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш, ижтимоий ҳаётда фаоллигини ошириш, улар учун маърифий ва маданий-оммавий тадбирларни ташкил этиш каби масалалар юзасидан лойиҳаларни амалга оширсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори А.К.Инаков, соғлиқни сақлаш вазири А.М.Хаджибаев ва молия вазири Т.А.Ишметов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Б.А.Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Д.М.Кенжаев зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2021 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритилсин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 9 август