Нодирбек Абдусатторов киберспорт бўйича жаҳон чемпионатида қатнашади
Маҳоратли шахматчимиз Нодирбек Абдусатторов жорий йилнинг 6 июль-23 август кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган киберспорт бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этади.
Абдусатторов 2025-2026 йиллар давомида Chess.com тизимида ўтказилган мусобақаларда тўплаган очколари ҳисобига учинчи бор ташкил этилаётган мазкур жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиқди.
Шунингдек, Абдусатторов қаторида АҚШлик Ҳикару Накамура ва Ханс Нейманн, россиялик Яан Непомняший, франциялик Махиме Вачиер-Лаграв, ҳиндистонлик Аржун Эригаиси ва Ниҳал Сарин, сербиялик Алексей Сарана, эронлик Сино Моваҳед ушбу жаҳон чемпионатида ўз жамоаси шарафини ҳимоя қилади.
100 дан зиёд давлатнинг 2 минг нафарга яқин киберспортчилари қатнашадиган жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов “Natus Vincere” жамоаси номидан баҳсларда қатнашади.
Айтиш лозимки, мукофот жамғармаси 75 миллион АҚШ долларидан иборат мазкур дунё биринчилиги аслида Саудия Арабистонида ташкил этилиши лозим эди. Бироқ яқин шарқдаги сиёсий вазият туфайли жаҳон чемпионати Францияга кўчирилди.
Мусобақалар 24 та киберспорт йўналишлари бўйича ўтказилиши белгиланган.
Т. Рўзиев, ЎзА