Халқаро шахмат федерацияси(ФИДЕ) ўтган йил йўлга қўйилган "FIDE Circuit" айланма тизимида шахматчиларнинг янгиланган рейтингини эълон қилди. Унга кўра, ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов жорий йил май ҳолатига кўра, 53,43 балл билан етакчиликка эришиб турибди.
Айтиш лозим, мазкур "FIDE Circuit" айланма тизими ФИДE номзодлари турнирига саралашнинг нисбатан янги усули ҳисобланади.
2024 йил давомида тегишли турнирларда энг юқори натижага эришган шахматчи кейинги даъвогарлар рўйхатидан жой олади. Ушбу рўйхатдан ўрин эгаллаш учун номзод шахматчилар йил давомида камида бешта саралаш турнирида иштирок этиши лозим бўлади.
ФИДE йўналиши бўйича Торонтода бўлиб ўтган 2024 йилги номзодлар турнирида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган Гукеш ҳам аввалига "FIDE Circuit" айланма тизимида етакчиликка эришди ва якунда турнир ғолиби бўлди. Чемпионлик тожига номзодликни қўлга киритди.
Шу жиҳатдан 2023 йилда бўлгани каби бу йил ҳам ФИДЕ тожига эришиш “калити” шахматчилар учун "FIDE Circuit" айланма тизимида тўплаган балларига боғлиқ бўлиб қолади.
Нодирбек Абдусатторовнинг 2024 йилги Прага халқаро шахмат фестивалида ғолиб чиқиши, апрель ойи охиригача 25 очко жамғариб, пешқадамликни қўлга киритиши унинг даъвогарлар рўйхатига кириш йўлига яқин эканини англатмоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА