“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ўз тарихида “S&P Global Ratings” халқаро рейтинг агентлиги томонидан биринчи кредит рейтингини олди. Компанияга Ўзбекистон Республикасининг суверен рейтингига мувофиқ “Барқарор” прогнози билан “ББ-” узоқ муддатли кредит рейтинги берилди.
“S&P Global Ratings” халқаро рейтинг агентлиги рейтингни баҳолаш доирасида бир вақтнинг ўзида Компаниянинг кредитга лаёқатлилик хусусиятларини (SACP) “ББ-” даражасида баҳолади, бу бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси корхоналари орасидаги энг юқори кўрсаткичдир.
“S&P Global Ratings” халқаро рейтинг агентлиги релизига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида жойлашган “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ 2023 йил якунига кўра 2,9 миллион унция олтин ишлаб чиқарган, жаҳонда тўртинчи йирик олтин ишлаб чиқарувчи корхона ҳисобланади. Компания ишлаб чиқариш таннархининг арзонлиги ва бой ресурс базаси, шунингдек, қарз юкининг консерватив кўрсаткичи айланма капиталда ўзгаришгача операцион фаолиятдан пул оқими қарзга нисбатан кўрсаткичининг 60 фоиздан барқарор ошиши билан ажралиб туради.
2023 йил якуни бўйича “НКМК” АЖда олтиннинг бир унцияси учун ишлаб чиқаришнинг умумий харажати 745 АҚШ долларини ташкил этди ва рейтинг агентлиги баҳолаган компаниялар орасида энг паст кўрсаткичлардан биридир. “S&P Global Ratings” рейтинг агентлиги релизида олтин нархининг қулай конюнктура шароитида “НКМК” АЖ томонидан келгуси йилларда юқори операцион ва молиявий кўрсаткичларга эришиши таъкидланди.
– Компаниянинг биринчи халқаро кредит рейтингини олиши республикадаги энг йирик корхона ривожланишидаги муҳим босқич бўлиб, халқаро капитал бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиради, корхонанинг халқаро эътирофини оширади ҳамда бутун мамлакатимизда, жумладан, Компанияда ислоҳотлар ва трансформация жараёнлари муваффақиятли амалга оширилаётганлигидан далолат беради, – дейди Бош директорнинг трансформация масалалари бўйича ўринбосари Е.Антонов. – Компаниянинг Ўзбекистон Республикаси корхоналари орасида биринчи бўлиб “S&P Global Ratings” агентлиги томонидан “бб+” даражасидаги кредитга лаёқатлилик баҳосини олиши тарихий воқеа бўлди. Бу халқаро молия бозори иштирокчиларининг компаниянинг барқарор молиявий стратегияси ҳамда ишлаб чиқариш ва инвестиция фаолиятини янада ривожлантириш режаларига юксак ишончини тасдиқлайди.
“НКМК” АЖ матбуот хизмати.
ЎзА