Нима учун Тошкентга албатта саёҳат қилиш керак?
Германиянинг нуфузли "TRAVELBOOK" онлайн саёҳат журналида "Нима учун Тошкентга албатта саёҳат қилиш керак?" сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда Ўзбекистон пойтахтининг бой тарихий-маданий мероси, ўзига хос меъморчилиги, миллий таомлари ва замонавий туристик имкониятлари ҳақида сўз боради.
2013 йилда ташкил этилган "TRAVELBOOK" Германиянинг йирик саёҳат нашрларидан бири бўлиб, "Axel Springer SE" медиаконцерни таркибига киради. 2024-2025 йилларда журналнинг ойлик аудиторияси 2,13 миллион нафар фойдаланувчини, саҳифа кўришлар сони эса 8,59 миллионни ташкил этган. Ижтимоий тармоқлардаги обуначилари сони 210 мингдан ошади.
Журналист Лена Браун қаламига мансуб мақолада Тошкент қадимий Шарқ анъаналари ва замонавий шаҳарсозлик уйғунлашган, сайёҳларга бетакрор таассуротлар тақдим этадиган шаҳар сифатида таърифланади. Муаллифнинг фикрича, пойтахтнинг асосий жозибаси унинг бой тарихи, ранг-баранг меъморчилиги ва ўзига хос ҳаёт тарзида намоён бўлади.
Мақолада Тошкентнинг замонавий меъморий қиёфасига алоҳида эътибор қаратилган. 1966 йилги зилзиладан кейин шаҳарда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида шаклланган биноларда модернистик услуб миллий нақшлар ва анъанавий безаклар билан уйғунлашгани таъкидланади. Бунинг ёрқин намунаси сифатида Ўзбекистон тарихи давлат музейи келтирилиб, унинг мармарли ташқи кўриниши ва миллий безаклари Шарқ амалий санъати билан замонавий архитектура уйғунлигини намоён этиши қайд этилади.
Шунингдек, мақолада Тошкент модернистик меъморчилигининг халқаро эътирофи, жумладан, ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ўнта меъморий объект ҳақида сўз боради. Бу эътироф пойтахтнинг XX аср меъморий меросини асраб-авайлаш ва жаҳонга танитишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган.
Тошкентнинг тарихий ва диний-маърифий обидалари ҳам мақоладан муносиб ўрин олган. Жумладан, Ҳазрати Имом мажмуаси кўп асрлик ўзбек меъморчилиги ва ислом цивилизацияси меросини акс эттирувчи муҳим маскан сифатида тавсифланади. 2026 йил март ойида фаолиятини бошлаган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам алоҳида қайд этилиб, унда қадимий Усмон Мусҳафи каби ноёб тарихий ёдгорликлар намойиш этилаётгани таъкидланади.
Муаллиф сайёҳларга Кўкалдош мадрасаси атрофидаги тарихий муҳит, ҳунармандчилик дўконлари ва миллий чойхоналар билан танишишни ҳам тавсия қилади. Унинг фикрича, Тошкентнинг ўзига хослиги қадимий обидалар ва замонавий шаҳар ҳаётининг табиий уйғунлигидадир.
Немис журналисти Тошкент метрополитенини ҳам ўзига хос санъат галереясига қиёслайди. 1977 йилда Марказий Осиёда биринчи бўлиб ишга туширилган метро бекатларининг ҳар бири алоҳида бадиий ечим асосида безатилгани, мармар, гранит, сопол нақшлар ва нафис қандиллар уларга бетакрор қиёфа бағишлаши қайд этилади. Бугунги кунда метро тармоғи тўртта йўналиш, 50 та бекат ва 70 километрдан ортиқ йўлни қамраб олади. Замонавий электр автобуслари ва ривожланган жамоат транспорти тизими ҳам сайёҳларга шаҳар бўйлаб қулай ҳаракатланиш имконини беради.
Мақолада пойтахтнинг энг жонли масканларидан бири - Чорсу бозорига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Унинг ҳозирги асосий биноси 1980 йилларда қурилган бўлса-да, бу ҳудуддаги савдо анъаналари кўп асрлик тарихга эга. Улкан мовий гумбаз остидаги расталардаги қуритилган мевалар, зираворлар, тандир нонлари, миллий матолар ва ҳунармандчилик буюмлари сайёҳларга ўзбек маданияти ва гастрономик анъаналарини яқиндан ҳис этиш имконини беради. Миробод бозорига ташриф буюриш ҳам тавсия этилган.
Ўзбек миллий таомлари Тошкентнинг яна бир муҳим туристик устунлиги сифатида эътироф этилган. Муаллиф ош, сомса, тандир нон ва кўк чойни миллий дастурхоннинг ажралмас қисми сифатида қайд этади.
Шу билан бирга, "Tashkent City" боғи, мусиқали фавворалар, шаҳар манзарасига эга ресторанлар ва жонли мусиқа масканлари пойтахтнинг замонавий дам олиш ҳамда кўнгилочар имкониятлари сифатида эътироф этилган.
Қайд этиш жоизки, "TRAVELBOOK" нашри 2026 йил 19 октябрда Тошкентни 2027 йил учун истиқболли сайёҳлик йўналишлари қаторига ҳам киритган.
Умуман олганда, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда тайёрланган мазкур мақола Тошкентнинг тарихий-маданий мероси, замонавий инфратузилмаси, гастрономик анъаналари ва сайёҳлик салоҳиятини немис ўқувчиларига яқиндан таништиришга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА