Николай Осипов: Ўзбекистонда медиа футбол ривожланаётгани қувонарли
Россиянинг “Sputnik” ахборот агентлиги Ўзбекистон – Россия III медиа форуми доирасида икки мамлакат ўртасида медиа спорт соҳасидаги ҳамкорлик истиқболига эътибор қаратди.
Нашр Медиа футбол лигаси асосчиси ва президенти Николай Осиповнинг мамлакатимиз аудиториясига оид фикрларини эълон қилди. Маълум қилинишича, лига контенти тарқатиладиган платформалар аудиториясининг 4,5 фоизини Ўзбекистон аҳолиси ташкил этади.
– Бундай салмоқли кўрсаткич биз учун шараф, – деди Осипов. – Уч йил аввал Россияда экилган кичик уруғ бугун Ўзбекистонда ҳам униб, муваффақиятли ривожланаётганини кўриш биз учун жуда қувонарли.
Эксперт ўтказилаётган медиа футбол жамоалари учрашувини шунчаки ўйин эмас, балки телевизион мутахассислар, техник ходимлар учун тажриба алмашиш имконияти сифатида баҳолади. Медиа футболнинг ўзига хослиги ҳақида гапирар экан, лига раҳбари бу йўналиш спорт, шоу-бизнес, ижтимоий тармоқ ва замонавий ахборот маҳсулоти яратиш соҳаларини бирлаштиришига эътибор қаратди. Яъни, мазкур формат спортга аввал қизиқмаган ёшларни ҳам жалб этади.
Мусулмон Зиё, ЎзА