Нигерияда йил бошидан бери Ласса иситмасидан 190 киши вафот этди
Нигерияда ҳайвондан одамга юқадиган Ласса иситмасидан ўлганлар сони йил бошидан буён 190 нафарга етди. Бу ҳақда Касалликларни назорат қилиш маркази хабар бериб, турли штатларда эпидемия тарқалиши тўхтамаганини таъкидлади.
Маълумотга кўра, ушбу хасталик туфайли кузатилаётган ўлим даражаси ўсишда давом этиб, ўтган йилнинг шу давридаги 19,1 фоиздан 25,2 фоизга кўтарилган.
Сўнгги ҳисобот ҳафтасида янги тасдиқланган ҳолатлар сони камайганига қарамай, кеч аниқлаш, соғлиқни сақлаш хизматига мурожаат қилмаслик ва тиббиёт ходимларига инфекция юқиши туфайли аҳвол ҳамон ташвишли.
Ласса вируси ўтган йил мамлакатда 190 кишининг ҳаётига зомин бўлган. Ҳукумат 2019 йил 23 январда шундай иситма авж олгани сабабли, мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилган эди. Касаллик Мали, Того, Гана, Либерия ва Сьерра-Леонеда ҳам кенг тарқалган. Нигерияда ушбу вирус илк бор 1969 йил шимоли-шарқий Борно штатида аниқланган.
Дастлаб кемирувчи нажасидан юқадиган Ласса иситмаси одамдан одамга ҳам ўтиши мумкин. Шу тариқа оғир геморрагик иситма келиб чиқади.
Расмийлар жамоатчиликни каламуш ва бошқа кемирувчилардан эҳтиёт бўлишга чақирмоқда.
Г.Сатторова, ЎзА