Нигерияда президент сайлови арафасида сиёсий зиддият кучайди
Нигериянинг Лагос шаҳрида мухолифат тарафдорлари иштирокидаги сиёсий тадбирга қуролланган шахслар ҳужум қилди, деб хабар бермоқда "DW" нашри.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда болта ва тўқмоқ билан қуролланган бир гуруҳ шахслар тадбир ўтказилаётган бинога бостириб кириб, сиёсатчи Питер Оби тарафдорларига ҳужум қилгани акс этган.
Мухолифат вакиллари воқеада ўлка президенти Бола Тинубунинг Бутун тараққийпарварлар конгресси (APC) партиясини айбламоқда. Бироқ партия матбуот котиби Феликс Морка ушбу даъволарни рад этди.

Шунингдек, мухолифат ҳукуматни сайловолди тадбирларга тўсқинлик қилиш ва йиғин иштирокчиларига босим ўтказишда айблади. Расмийлар мазкур иддаоларни ҳам инкор этди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳужумчилар бинога зарар етказган, мухолифат тарафдорлари эса уларни ташқарига сиқиб чиқарган. Кўчада давом этган тўқнашувлардан сўнг полиция кўздан ёш оқизувчи газ қўллаб, оломонни тарқатган. Ҳужумга учраган журналистлардан бири калтаклангани ва техникаси тортиб олинганини маълум қилди.
Нигерия Мустақил миллий сайлов комиссияси расмий маълумотига кўра, мамлакатда президентлик ва парламент сайловлари 2027 йил 16 январда ўтказилиши белгиланган.
А.Маматов, ЎзА