Нигерия қамоқхонасида 37 кончи бўғилиб вафот этди
Нигерияда ноқонуний олтин қазиб олишда гумонланиб ҳибсга олинган 37 нафар шахс қамоқхонадаги тиқилинч, иссиқ ва ҳаво етишмаслиги оқибатида бўғилиб вафот этди.
Ҳукумат томонидан тузилган суриштирув комиссияси расмийларнинг “маҳбуслар касалликдан ўлган” мазмунидаги дастлабки даъвони рад этди. Комиссия раиси Жонатан Куре таъкидлашича, маҳбусларга бўлган шафқатсиз эътиборсизлик оқибатида юз берган фожианинг олдини олиш мумкин эди. Жабрланганлар орасида ўсмирлар кўп экан.
Воқеага сабабчи бўлган Хавфсизлик ва фуқаролик мудофааси корпуси (NSCDC)нинг бир неча раҳбари вазифасидан озод этилди. Комиссия ҳар бир вафот этган кончининг оиласига 30 миллион найра (22 500 доллар) ва омон қолган 41 маҳбуснинг ҳар бирига 10 миллион найрадан бадал тўлаш ҳамда агентликни тубдан ислоҳ қилиш талабини илгари сурмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА