Непалда муз қулади: мингга яқин одамдан дарак йўқ
Непалнинг Хитой билан чегарадош тоғли ҳудудида музлик қулаши ортидан кучли сел келиб, камида 165 киши ҳалок бўлди, мингга яқин одамдан дарак йўқ. Дрон тасвирида йўл вайрон бўлгани, бинолар лой ва сув остида қолгани кўринади. Қутқарув ишлари давом этяпти.
Тибетда 558 киши топилмаяпти, уларнинг 260 нафари хорижлик. Расмийлар аввалроқ 403 киши, жумладан 341 чет эл фуқароси билан алоқа узилганини маълум қилган. Австралия 34 нафар, Малайзия эса 55 фуқаросидан хабар йўқлигини билдирди.
Фалокат дастлаб зилзила дея тахмин қилинди. Кейин АҚШ Геология хизмати бу ер силкиниши эмас, балки муз қояси емирилиши оқибати эканини аниқлади. Тоғдан тушган улкан бўлак дарёни тўсиб, кейин сув оқими важоҳат билан пастга ёпирилган. Тришули дарёсида сув сатҳи ярим соат ичида 9 метр кўтарилган.
Мазкур ҳудудда бундай офат аввал ҳам кузатилган. Ленде-Кола дарёси сўнгги 14 ойда икки марта тошди. Ўтган йил августда муз кўли тошиб, 9 киши ҳалок бўлган, Непал билан Хитойни боғловчи кўприк ҳам зарарланган эди. Мутахассислар Ҳимолай музлари беқарорлашуви аҳоли, инфратузилма ва сув таъминоти учун хавфни кучайтираётганидан огоҳлантирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА