Бир экспонат тарихи
Пойтахтимиздаги Тошкент тарихи музейи Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Тошкент воҳаси — қадимги Чоч, Шош ҳақида маълумот берувчи объект ҳисобланади. Музейда воҳа тарихининг турли даврларига оид археологик топилмалар ўрин олган.
Ана шундай экспонатлардан бири жониворларнинг тимсоллари тасвирланган сопол буюмлардир. Қадимги бронза даврига оид ушбу антиқа буюмларнинг дастаклари турли жониворлар кўринишида ясалган.
Мазкур экспонатлар ҳақида Тошкент тарихи музейи бош мутахассиси Феруза Расулова батафсил сўзлаб берди:
— Биламизки, Тошкент ўзига хос тарихга эга. Ҳудудда турли даврларда ҳар хил воқеалар содир бўлган, турли буюмлар ясалган, — дейди Феруза Расулова. — Экспозициямизда ўзига хос кўринишга эга, жониворларнинг тимсоллари тасвирланган сопол буюмлар намойишга қўйилган. Ушбу буюмлар қадимги бронза даври, яъни милоддан аввалги XII-VI асрларга тегишли бўлиб, бу даврларда Тошкент ҳудудида аҳоли ўтроқ ҳаёт тарзига ўтган эди. Деҳқончилик, ҳунармандчилик билан шуғуллана бошлашган ва ҳунармандчиликнинг тури бўлган кулолчилик буюмларини ясашган. Янгийўл яқинидаги Қовунчи манзилгоҳидан топилган бу буюмларнинг дастакларида тоғ эчкиси ва қўчқорларнинг кўринишлари тасвирланган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/n2kUgwaqKZ0" title="Nega buyumlarda jonivorlar shakli aks etgan?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Қадимда ҳар бир халқнинг ўзига хос муқаддас жониворлари бўлган. Масалан, ҳозиргача Ҳиндистонда сигирлар, маймунлар ва илонларга муқаддас деб қарашади. Ўша пайтларда бизнинг ҳудудимизда қўчқор ва тоғ эчкилари илоҳийлаштирилган. Олимларнинг фикрича, аввал Ер юзида жуда иссиқ ҳаво бўлган, жонивор ва ўсимликлар улкан кўринишда бўлган. Музлик даври бошланиб, иқлим ўзгарганидан кейин одамлар ҳам совуқдан ҳимояланиш мақсадида ғорларда, пана жойларда яшашни бошлашган.
Бизнинг ҳудуддаги тоғларда асосан тоғ эчкиси ва архарлар бўлган. Одамлар уларнинг гўштидан овқатланиб, очликдан сақланган, терисидан эса уст-кийимлар тайёрлаб, совуқдан ҳимояланишган. Шунинг учун ҳам бора-бора жониворларга ҳаёт тимсоли сифатида қараб, эътиқод қила бошлашган.
Буюмларда акс эта бошлаган жониворлар худди ўзидек қилиб ясашга ҳаракат қилинган. Бу эса халқимизнинг қадимдан санъатга, яхшиликка ва ёруғликка бўлган интилишидан намунадир. Ушбу буюмлар бронза даврига оид асл нусхалар ҳисобланади, қазилма ишлари давомида ер тагидан топилган. Яхши сақланган ва музейимизга ташриф буюрувчиларнинг қизиқишларига сабаб бўлади.
Муҳтарама Комилова, Аброр Содиқов (видео), ЎзА