Нега айрим солиқ имтиёзлари тўлиқ ишламаяпти? – Солиқ қўмитаси раисига сўров юборилди
Юртимизда тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва ишлаб чиқариш соҳаси вакилларини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратиб келинади. Бу борада уларга қатор солиқ имтиёзлари, енгилликлар тақдим этилмоқда. Аммо шунга қарамай, айрим масалалар борки, тадбиркорлик субъектларига муайян қийинчиликлар юзага келмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Равшан Фозилов Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатовга депутатлик сўрови юборди.
Сўровда мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва инвестициявий муҳитни яхшилаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилган. Айниқса, сўнгги йилларда заргарлик саноати жадал ривожланиб, минглаб корхоналар ташкил этилгани ва янги иш ўринлари яратилгани таъкидланган.
Шу билан бирга, депутат тадбиркорлар билан учрашувлар давомида солиқ тизимидаги айрим муаммолар уларнинг эътирозига сабаб бўлаётганини билдирган. Хусусан, 2026 йилдан ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилиниши ҳамда солиқ базасини аниқлашда ягона ва аниқ механизм йўқлиги тадбиркорлар учун қийинчилик туғдираётгани қайд этилган.
Шунингдек, амалда “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга берилган солиқ имтиёзлари тўлиқ ишламаётгани, улар айрим ҳолларда мол-мулк ва ер солиғини тўлашда давом этаётгани айтилган.
Сўровда мазкур муаммоларни бартараф этиш, солиқ ҳисоб-китобларини соддалаштириш ҳамда тадбиркорлар учун қулай шароит яратиш бўйича Солиқ қўмитасидан асослантирилган тушунтириш бериш сўралган.
М.Комилова, ЎзА