«Нефтчи» ва «Пахтакор» сафарда мағлубиятга учради
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 28-тур учрашувлари давом этмоқда.
Ушбу тур доирасида бугун, 21 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 17:00 да «Қўқон-1912» — «Сўғдиёна» ҳамда «Насаф» — «Машъал» баҳслари бошланади. Соат 18:00 да эса «Хоразм» ўз майдонида «Бухоро»ни қабул қилади.
Куни кеча ўтказилган баҳсларда чемпионлик учун курашаётган «Нефтчи» ва «Пахтакор» мағлубиятга учради.
Гап шундаки, турнинг марказий учрашувларидан бири Наманганда бўлиб ўтди. Унда «Навбаҳор» чемпионат пешқадами «Нефтчи» жамоасини 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Мазкур баҳсни «Марказий» стадиондан 26 минг 158 нафар томошабин бевосита кузатиб борди.
Учрашувнинг 26-дақиқасида Алишер Одилов ҳисобни очиб, меҳмонларни олдинга олиб чиқди. Бироқ биринчи бўлимнинг 41-дақиқасида Владимир Йововичнинг («Нефтчи» ) майдондан четлатилиши вазиятни ўзгартирди. Орадан бир дақиқа ўтиб, Жасур Жалолиддинов ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи бўлимда майдон эгалари устунликни ўз томонига оғдирди. 53-дақиқада Жоэл Кожо, икки дақиқа ўтиб эса Диёр Холматов гол уриб, «Навбаҳор»нинг устунлигини 3:1 кўринишига келтирди. Учрашувнинг 77-дақиқасида Кофи Коуа фарқни қисқартирди. Аммо қолган вақтда «Нефтчи» ҳисобни тенглаштира олмади ва Намангандаги баҳс мезбонларнинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Шу тариқа водий дербисидан сўнг «Нефтчи» 64 очко билан пешқадамликни сақлаган бўлса, «Навбаҳор» очколарини 58 тага етказиб, учинчи ўринда қолди.
Пойтахт дербисида эса «Локомотив» ўз майдонида «Пахтакор» клубини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувнинг 4-дақиқасида Фламарионнинг зарбасидан сўнг тўп дарвозага кирди. Иккинчи бўлимда Жасурбек Яхшибоев 81-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Қўшиб берилган вақтнинг 90+2-дақиқасида Темурхўжа Абдухолиқов ғалаба голини киритиб, темирйўлчилар»га уч очко тақдим этди.
Натижада «Локомотив» очколари 46 тага етди ва 4-поғонага кўтарилди. «Пахтакор» эса 59 очко билан ҳамон иккинчи ўринда бормоқда
Олмалиқда ўтган учрашувда «Қизилқум» 1:0 ҳисобида ОКМК клубини мағлуб этди. Баҳс тақдирини қўшиб берилган вақтда Роман Папарига томонидан киритилган гол ҳал қилди. У 90+1-дақиқада Аббосбек Абдуғаффоровнинг узатмасидан сўнг тўпни дарвозага йўллади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА