“Нефтчи” — Ўзбекистон Суперкубоги соҳиби
Андижон шаҳридаги “Бобур Арена” стадионида футбол бўйича Ўзбекистон Суперкубоги учун учрашув бўлиб ўтди.
Унда мамлакат Суперлигасининг амалдаги чемпиони — Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси Ўзбекистон Кубоги соҳиби — Тошкентнинг “Пахтакор” клубига қарши майдонга тушди.
Учрашувнинг 17-дақиқасида “Нефтчи” футболчиси Жамшид Искандеровнинг хавфли зарбасини пойтахт жамоаси дарвозабони Владимир Назаров қайтарди. Бироқ қайтган тўпни бразилиялик легионер Ратиньо дарвозага йўллаб, ҳисобни очди. Қолган дақиқаларда ҳар икки жамоа гол уриш учун бир қатор имкониятларга эга бўлганига қарамай, ҳисоб ўзгармади.
Шу тариқа, Фарғонанинг “Нефтчи” клуби ўз тарихида илк бор Ўзбекистон Суперкубоги баҳсида иштирок этиб, азалий рақиби “Пахтакор” устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва бош совринни қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА