Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлаш
Уч минг йилдан зиёд ўз тарихига эга Наврўз байрами халқимизнинг энг улуғ байрамларидан бири бўлиб, бу кунни азалдан аждодларимиз янги йилнинг боши сифатида кўтаринки кайфиятда кутиб олганлар.
Қорақалпоғистон Республикаси Педагогик маҳорат марказида “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлаш!” шиори остида байрам тадбири ўтказилди. Унда сўзга чиққанлар иштирокчиларни йил боши ҳисобланган Наврўз билан самимий табриклаб, халқимиз учун яхши ва баракали йил бўлиб келишини тилашди.


Умумхалқ сайлига айланган Наврўз байрамида миллий таомлар ва буюмлар кўргазмаси, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган урф-одат ва анъаналаримиз намойиш этилди. Шунингдек, сумалак сайли ҳам байрамга ўзига хос файз бағишлади. Иштирокчилар улуснинг улуғ куни – Наврўз муносабати билан халқимизга тинчлик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик тилаб, эзгу ниятлар билан сумалак таомини тайёрлашди.


Ўзларининг энг яхши чиқишларини намойиш этган кафедра ва тингловчилар Педагогик маҳорат маркази жамоаси томонидан муносиб рағбатлантирилди. Байрам тадбирида миллий спорт турларидан ҳисобланган тош кўтариш, арқон тортиш, мусобақалар ўтказилиб, ғолиб бўлган спортчилар қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Наврўз сайли тингловчилар томонидан тайёрланган қизиқарли концерт дастури билан кўтаринки руҳда давом этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.