Наврўз сайиллари кўтаринки руҳда ўтказилади
Наврўз бу — баҳор байрами, табиат янгиланиши айёми, янги йил, янги кун элчиси.
21 март — Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти, шаҳарлари ва туманларида энг қизиқарли ва томошабоп байрам дастурларини ўз ичига олган халқ сайиллари ўтказилади. Дошқозонларда паловлар дамланиб, сумалаклар қайнатилади. Дорбоз томошалари, карнайчилар чиқиши, фольклор чиқишлар, миллий куй-қўшиқлар ижроси қалбларга қувонч уйғотади.
Шу билан бир қаторда, Наврўз байрами арафасида ёрдамга муҳтож инсонлар, кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинади. Кўмакка мухтожларга беғараз кўмак бериш, жамиятда ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришга қаратилган савоб ишлар, хайрия тадбирлари ва оммавий ҳашарлар ташкил этилади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, бу йилги асосий байрам 21–22 март кунлари "Ўзбекистон овози" туризм кўчаси, Тарас Шевченко гастрономик кўчаси, 21–23 март кунлари "Наврўз" этно боғи, 21 март куни Ал-Хоразмий туризм кўчасида ташкил этилади.
Наврўз тадбирлари давомида миллий таомлар ва кўклам неъматларининг кенг намойиши, сумалак, ҳалим, сомса ва анъанавий палов тайёрлаш жараёнлари ҳамда уларни татиб кўриш имконияти, таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастурлари, ҳунармандчилик ва амалий санъат кўргазмалари, миллий ўйинлар, халқ томошалари ва қизиқарли беллашувлар ўтказилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА