Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 5 март куни бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида барча масъул ташкилот ва идоралар зиммасига қатор топшириқ, вазифалар юкланган эди.
“Коррупция шундай ёвуз иллатки, халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга ишончига путур етказади, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланади” – дея таъкидлаганди ўшанда давлатимиз раҳбари.
Шу нуқтаи назардан “Navoiyuran” давлат корхонасида коррупцияга қарши қатъий позиция танланиб, изчил амалий чора-тадбирлар асосида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, корхонада халқаро ISO 37001 “Коррупцияга қарши курашиш менежменти” ва ISO 37301 “Комплаенс менежменти” тизимлари бўйича стандартлар жорий этилди ва шу асосдаги муайян талабларга мувофиқликни тасдиқловчи сертификатлаштириш аудити муваффақиятли якунланди.
5 июнь куни “CERT International” халқаро сертификатлаш ташкилоти бош аудитори Риад Ибрагимов мазкур стандартлар бўйича сертификатларни “Navoiyuran” давлат корхонаси Бош директори Жамол Файзуллаевга тантанали равишда топширди ва жамоанинг ESG соҳасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, келгуси лойиҳаларга муваффақият тилади.

Мазкур сертификатлар корхонада коррупциявий хавфларни аниқлаш ва бартараф этиш, энг муҳим бундай салбий иллатларнинг олдини олишга қаратилган самарали бошқарув тизими мавжудлиги ҳамда комплаенс-менежмент соҳасидаги жаҳон андозаларига мувофиқ равишда иш юритилаётганини кўрсатади.
Бунга қадар “Navoiyuran” ДК томонидан бешта ISO халқаро стандарти – ISO 9001 “Сифат менежменти”, ISO 14001 “Экология менежменти”, ISO 45001 “Меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлигини таъминлаш менежменти”, ISO 27001 “Ахборот хавфсизлиги менежменти” ва ISO 50001 “Энергетика менежменти” амалиётга жорий қилиниб, тегишли сертификатлар қўлга киритилган.
Шу тариқа халқаро ISO стандартлари сони 7 тага етказилиши “Navoiyuran” давлат корхонасининг халқаро талабларга мос корпоратив бошқарув, ижтимоий масъулият ва экологик барқарорлик соҳаларидаги ислоҳотларга содиқлигини яна бир бор намоён этмоқда. Навбатдаги ютуқ эса корхонанинг халқаро ESG рейтингини янада яхшилаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
“Navoiyuran” ДК ПР хизмати