Ватанимиз тарихидаги 18 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1528 йил (бундан 497 йил олдин) – ҳиротлик машҳур тарихчи олим Ғиёсиддин Хондамир Ҳиндистонга, Бобур мирзо ҳузурига етиб келди. Бу вақтда Бобур Ауд шаҳрида турар эди. “Бобурнома”да ёзилишича, ҳиротлик машҳур шоир Шаҳоб Муаммоий ва Ҳиротдаги “Султония” мадрасасининг мударриси амир Иброҳим Машҳадий ҳам Хондамир билан бирга бу ерга келган эдилар. Бобур уларни зўр ҳурмат ва эҳтиром билан қарши олди ва уларга сарой хизматчилари қаторидан жой тайин қилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Хондамнр Алишер Навоий вафотигача Навоий бошқарган маданий марказ кутубхонаси мудири бўлиб ишлайди. Сўнг Балхда Бадиуззамон Мирзо хизматида туради. Шайбонийхон 1507 йил май ойида Ҳиротни эгаллаганда Хондамир Ҳиротда эди ва шахар аҳлининг хонга ёзилган омонлик хатини иншо қилади. Сўнг Пашт қишлоғига келиб яшаётган Хондамир 1515 йили Муҳаммад Замон Мирзо хизматига киради. У ўша пайтлари ва 1524 йилларгача Бобур Мирзо билан гоҳ Балх яқинидаги юришлар даврида, гоҳида Ҳиротдаги сафавий ҳукмдорлар номидан Кобулга элчи сифатида бориб учрашади.
Юқорида қайд этилганидек, Хондамир 1528 йил сентябрида Ҳиндистондаги Бобур ҳузурига бутунлай хизмат учун бориб, Бобур вафоти (1530)дан сўнг Ҳумоюн подшоҳ хизматида тураркан, вафотигача (1535) Деҳлида яшайди. Хондамир Деҳлидаги Низомиддин Авлиё макбараси ичида машхур шоир Хусрав Деҳлавий кабри ёнига дафн килинган. У Навоийнинг топшириғи асосида ва унинг ҳомийлигида “Хайрли кишилар аҳволи хабарларининг хулосаси”, “Вазирлар учун қўлланма”, “Подшоҳлар замондошлари” каби асарлар ёзган.
1858 йил (бундан 167 йил олдин) – Россия империяси томонидан Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги билан сиёсий ҳамда савдо муносабатлари ўрнатиш баҳонасида, аслида жосуслик мақсадида полковник Николай Игнатьев бошчилигида юборилган элчилар миссияси Бухоро амирлиги ҳукмрон доиралари томонидан кутиб олинди.
Бу ҳақда Николай Игнатьев шундай ёзган эди: “18 сентябрь куни Қоракўлдан ўтишда элчиликни фахрий равишда кузатиб бориш учун Абдулазиз томонидан юборилган амалдорлар бизни қарши олдилар... Улар бизни то Бухорогача кузатиб келдилар”. Игнатьев миссиянинг Бухоро шаҳрига етиб бориш жараёнини муфассал баён қилиб, амир Насрулло Қўқон хонлигига қарши юришда бўлганлиги учун, унинг вазири Абдулазиз билан олиб борилган биринчи музокаралар ҳақида ҳам ёзиб қолдирган.
1916 йил (бундан 109 йил олдин) – Туркистондаги 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган маҳаллий аҳолини Биринчи жаҳон уруши кетаётган жойлардаги мажбурий ишлар учун олиш бошланди. Жўнатилиши керак бўлган 200 минг 470 киши ўрнига амалда 123 минг мардикор сафарбар қилинди. Туркистонлик мардикорлар ҳарбий ва саноат корхоналарида, конларда, темир йўл қурилишида, ўрмон ва айрим хўжаликларда қаттиқ назорат остида ишлатилди.
1920 йил (бундан 105 йил олдин) – “Иштирокиюн” газетасида Элбек (Машриқ Юнусов)нинг “Имло масаласи” номли мақоласи эълон қилинди. Мақолада имло масаласи кўпдан буён муҳокама этилаётган бўлишига қарамай, ҳамон ҳал этилмай қолаётганлиги айтилади.
1932 йил (бундан 93 йил олдин) – шоир ва ёзувчи, драматург, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Олимжон Холдоров таваллуд топди. Унинг 100 дан ортиқ ғазалларига куйлар басталанган.
1943 йил (бундан 82 йил олдин) – ғиждувонлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Вали Набиев (1916–1999) Днепр дарёсини биринчилардан бўлиб кечиб ўтди. Унга ушбу жасорати учун 1944 йил 15 январда Қаҳрамон унвони берилди.
1995 йил (бундан 30 йил олдин) – Нукусда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳнамолигида Орол денгизи ҳавзасидаги давлатларнинг барқарор ривожланиши масалаларига бағишланган халқаро конференция иш бошлади.
2006 йил (бундан 19 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Фирма номлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Унда қайд этилишича, ушбу қонуннинг мақсади фирма номларини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2018 йил(бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Термиз” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Туризмнинг янги турларини жорий қилиш ҳамда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА