Навоий шаҳридаги Якка кураш турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида умумтаълим мактаблари ўртасида “Кураш – миллий ғуруримиз” шиори остида ўтказилган спортнинг кураш тури бўйича Республика босқичида фаол иштирок этган спортчиларни кутиб олиш маросими ўтказилди.
Ушбу мусобақада республикамизнинг барча ҳудудларидан 200 нафардан ортиқ ёш полвонлар ўз вазн тоифаларида беллашди.
Якуний натижаларга кўра, навоийлик ёш полвонлар 3 та олтин, 2 та кумуш ҳамда 4 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.
Тантанали тадбирда ғолиб спортчиларнинг ютуғи алоҳида эътироф этилиб, уларга миннатдорлик билдирилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири