| Y | D | S | CH | P | J | SH |
|---|---|---|---|---|---|---|
| 1 | 2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 |
| 8 | 9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 |
| 15 | 16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 |
| 22 | 23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 |
| 29 | 30 | 1 | 2 | 3 | 4 | 5 |
Навоийда янги корхона иш бошлади

Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, аҳоли турмуш фаровонлиги кўп жиҳатдан янги корхоналарнинг ташкил этилиши ҳамда уларда экспортбоп, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва реализация қилинишига боғлиқ. Бу борада Навоий вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, юқори технологиялар асосида янги ишлаб чиқариш мажмуалари ишга тушмоқда.
Навоий вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида 5 мингтага яқин янги тадбиркорлик субъектлари фаолият бошлаган бўлса, уларда ўн минглаб янги иш ўринлари яратилган. Эътиборлиси, жараёнларга хорижий сармоядорларнинг жалб этилиши, замонавий, тежамкор технологияларнинг кириб келиши орқали янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, Кармана туманида “ZARAFSHON INDUSTRIAL TECHNOLOGY” масъулияти чекланган жамияти томонидан хитойлик ҳамкорлар билан қиймати 46 миллион АҚШ доллари бўлган кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш мажмуаси ишга туширилди.


















– Уч йилдан буён Ўзбекистондаги ҳамкорлар билан фаолият юритамиз, бу ерда тадбиркорлар ва инвесторлар учун қулай шароитлар яратилган, – дейди хитойлик мутахассис Д.З. Минг. – Мазкур ишлаб чиқариш мажмуаси охирги русумдаги асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, махсус дастурлар асосида бошқарилади. Барча жараёнлар автоматлаштирилган. Ишлаб чиқарилган маҳсулот тўлиқ жаҳон стандартларига жавоб беради.
Юз фоиз импорт ўрнини босувчи кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилган лойиҳанинг йиллик қуввати 200 минг тоннани ташкил этиб, технологик асбоб-ускуналар Хитой давлатидан келтирилган. 100 янги иш ўрни яратилган корхонанинг йиллик экспорт қуввати 5 миллион долларни ташкил этади.
– Бугунги кунда корхонанинг кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида биринчи босқич ишлари якунланиб, сульфат кислотаси ишлаб чиқариш цехи ўз фаолиятини бошлади, – дейди корхона иш юритувчиси Файзулло Тўраев. – Сульфат кислота ишлаб чиқариш жараёнида катта босимдаги буғ ажралиб чиқади. Бундан ҳам унумли фойдаланган ҳолда буғ трубиналари ўрнатганмиз. Ҳозирда 1,4 мегаватт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса электр энергиясига бўлган талабнинг 70 фоизини қопламоқда. Лойиҳанинг иккинчи босқичида антрахинон ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу маҳсулот трикотаж маҳсулотларини бўяшда, шунингдек, полиграфия ва лок-бўёқ саноатида ишлатилади.
Айни пайтда корхонада Хитой давлатининг нуфузли компанияларида ишлаб чиқарилган қурилмаларни маҳаллий мутахассислар бошқармоқда.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА
Муаллиф: abduvaliburiyev




