Навоийда сув тежовчи технологиялар бўйича семинар ўтказилди
Хатирчи туманидаги “Хатирчи элита уруғчилик хўжалиги” МЧЖ дала шийпонида замонавий теxнологиялар ёрдамида фермерларга сувдан самарали фойдаланиш ва ҳосилдорликни ошириш имкониятларини кўрсатиш мақсадида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбир Навоий вилояти Агрохизматлар маркази ҳамда Швейцариянинг “Caritas Switzerland” ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали ўртасидаги ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган “Зарафшон дарёси ҳавзасида сув ресурсларини иқлим ўзгаришига нисбатан чидамли ва комплекс бошқариш” лойиҳаси асосида ташкил этилди.
Семинарда вилоят ҳокимлиги, қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Агрохизматлар маркази, “Агроинспекция” бошқармаси, сув хўжалиги ташкилотлари вакиллари, илғор фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирок этди.
Семинарда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, соҳани институционал жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва сув ресурсларини бошқаришда замонавий ёндашувларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларини бошқаришнинг долзарб вазифалари, Зарафшон дарёси ҳавзасида амалга оширилаётган иқлимга чидамли интеграл сув ресурсларини бошқариш (CR-IWRM) тизими ҳамда сувдан тежамкорлик билан фойдаланишнинг самарали усуллари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Айниқса, картошка етиштиришда сув сарфини камайтириш, тупроқ намлигини сақлаш ва юқори ҳосилдорликка эришиш имконини берувчи замонавий технологиялар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Мутахассислар томонидан сувни тежовчи усулларни амалиётга татбиқ этишнинг иқтисодий ва экологик афзалликлари кенг тушунтирилди.
Семинар якунида об-ҳаво маълумотлари ва тупроқ намлигини мунтазам кузатиб бориш орқали суғориш жараёнларини аниқ режалаштириш, сув сарфини назорат қилиш ҳамда замонавий сув ҳисоблаш қурилмаларидан фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири