Навоийда судлар томонидан 241 миллиард 825 миллион сўмлик қарздорлик ва етказилган зарар ундирилган
Бу ҳақида Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида судлар томонидан кўрилган ишларнинг умумий таҳлилига бағишлаб ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Бу ҳақида Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида судлар томонидан кўрилган ишларнинг умумий таҳлилига бағишлаб ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Вилоят жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлар раислари томонидан мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, қонун устуворлигини ва қонунийликни мустаҳкамлаш, суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
– 2020 йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида жиноят ишлари бўйича вилоят ва туман (шаҳар) судлари томонидан 772 нафар шахсга нисбатан 614 та жиноят иши тамомланган, – дейди суд раиси ўринбосари Шуҳрат Камолов. – Тамомланган ишлардан 586 нафар шахсга нисбатан 439 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида судлар томонидан ўтган даврда 73 нафар фуқарога нисбатан тергов органи томонидан қўйилган ноҳақ айбловлар бекор қилиниб, уларнинг барчаси оқланган ёки ишлари реаблитация асосларига кўра тугатилган. Шунингдек, 109 нафар шахсга нисбатан 73 та жиноят иши бўйича тергов органи томонидан қўйилган айблов ўзгартирилиб ҳукм чиқарилган.
Фуқаролик ишлари бўйича вилоят ва туманлараро судларида 9 ой мобайнида 5616 та фуқаролик ишлари мазмунан кўриб чиқилган. Бу кўрсатгич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 135 тага кўп деганидир.
– Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида туманлараро судларда 1712 та ариза суд буйруғи тартибида ҳал қилинган. Судларнинг ҳал қилув қарорлари ва ажримларига нисбатан келтирилган шикоят ёки протестлар асосида фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанциясида 137 та, кассация инстанциясида эса 142 та иш кўрилган. Бугунги кунда фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларини олдини олиш мақсадида суд амалиётида ишларни юқори инстанция судларида кўришда бекор қилинган ишларни қуйи судларга янгидан кўриш учун юборишга чек қўйилиб, бекор қилинган ишлар вилоят судининг ўзида якунлаш амалиёти йўлга қўйилган.
Жумладан, жами бекор қилинган 29 та ишларнинг барчаси шу инстанция судларининг ўзи томонидан мазмунан ҳал этилиб, янги қарорлар чиқарилди, – дейди фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Нурали Раҳмонов.
Йиғилишда вилоят маъмурий суд томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳам маълумот берилди. Жумладан, 11644 та иш кўриб чиқилган. Шунингдек, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 425 та иш кўриб тамомланган. Кўрилган ишларнинг 121 таси сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.
– Ўтган давр мобайнида вилоят ва туман (шаҳар)лар маъмурий судларига 224 та умумий мазмундаги мурожаат, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, халқ қабулхонаси, вебсайт ва “Ишонч телефони” орқали 137 та мурожаат келиб тушган, – дейди суд раиси Набижон Солиев. – Суд ҳужжатларидан норози бўлиб келтирилган 153 та мурожаат ўрганилиб, уларга ҳуқуқий тушунтириш берилди. Шу билан бирга судлар томонидан ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 285 маротаба хусусий ажрим ва 102 маротаба тақдимномалар чиқарилди.
Навоий вилоят ва туманлараро иқтисодий судлари томонидан иқтисодиёт соҳасида одил судловни амалга ошириш борасида бир қатор ишлар қилинди. Судларга келиб тушган 1535 та даъво аризасининг 1367 таси ҳисобот даврининг охирига қадар мазмунан кўриб чиқилган. Уларнинг 149 таси сайёр суд мажлисларида кўриб ҳал этилган.
– Судлар томонидан жойларда олиб борилаётган ҳуқуқий тарғибот ишлари ўз самарасини бермоқда, – дейди иқтисодий суд раиси Тимур Абдраманов. – Хусусан, фуқаролар ва тадбиркорларнинг шартнома ва тўлов интизомига риоя қилаётганлиги боис кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2450 тага ёки 56 фоизга камайган. Ҳал этилган ишлар бўйича даъвогарлар фойдасига қарийиб 241 миллиард 825 миллион сўм миқдоридаги қарз ва етказилган моддий зарарни ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган.
Брифингда судлар раислари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтаришди.

