Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Р.Махмудова раҳбарлигида Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси раҳбар ходимлари иштирокида фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш учун янада қулай шароит яратиш мақсадида оммавий сайёр қабуллар бўлиб ўтмоқда.
Сайёр қабул Навоий вилоятининг Қизилтепа тумани ҳокимлигида ўтказилди. Унда Қизилтепа ва Конимех тумани аҳолиси иштирок этди.
Унда мутасаддилар томонидан 97 нафар фуқаро қабул қилиниб, уларнинг мурожаатига ечим изланди. Мурожаатларнинг 79 таси оғзаки, 18 таси ёзма шаклда бўлди.
Қабул қилинган фуқароларнинг 56 таси жиноят, 23 таси фуқаролик, 14 таси маъмурий, 4 таси эса иқтисодий ишлар бўйича судларга оид мурожаатларни ташкил этди.
Қабул жараёнида мурожаатларнинг 65 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди, 32 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, қаноатлантирилди. 8 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилиниб, ушбу мурожаатларнинг барчаси қаноатлантирилди ва тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди.

– Сайёр қабул жараёнида жиноят ишлари бўйича Конимех туман суди томонидан 2 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган бўлса, жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман суди томонидан эса 5 нафар шахс муддатидан илгари шартли озод қилинди, – дейди вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти Азиза Рўзиева. – Шунингдек, 5 нафар фуқаронинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди. 20 нафар маҳкум умумий тартибли колониядан манзил-колонияга ўтказилди.
Ишчи гуруҳ томонидан Навбаҳор туманида Навбаҳор, Хатирчи ва Нурота туманлари аҳолиси учун ҳам сайёр қабул ўтказилди. Унда 112 нафар фуқаро қабул қилинди.
Фуқароларнинг 41 таси жиноят, 54 таси фуқаролик, 12 таси маъмурий ишлар, 5 таси иқтисодий ишлар бўйича судларга оид мурожаатларни ташкил этади.
Мурожаатларнинг 75 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 27 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, қаноатлантирилди. 24 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди.
Маълумот учун, дастлабки қабул Ишчи гуруҳ томонидан 18 март куни Зарафшон шаҳрида ўтказилган эди. Унда Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманлари фуқароларининг мурожаатлари тингланган эди.
Сайёр қабулда 79 нафар фуқаро суд-ҳуқуқ соҳасида мурожаат қилган. Қабул қилинган мурожаатларнинг 21 таси жиноят, 26 таси фуқаролик, 8 таси маъмурий, 4 таси эса иқтисодий ишлар бўйича судларга оид бўлган.
Мурожаатларнинг 27 таси жойида ҳал этилиб, 52 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилганди. 3 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинган. Таъкидланишича, ушбу мурожаатларнинг барчаси қаноатлантирилиб, тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилган.
Абдували Бўриев, ЎзА