Навоийда мактаб қурилишидаги камчиликлар бартараф этилди
Сўнгги йилларда мамлакатимизда қурилиш соҳасини тубдан такомиллаштириш, объектларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, ижтимоий соҳа объектлари мактаблар, боғчалар ва тиббиёт муассасалари қурилишида лойиҳа талабларига қатъий риоя этилиши давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Навоий вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ходимлари томонидан Зарафшон шаҳрининг “Янги Зарафшон” маҳалласида жойлашган 9-мактабнинг янги ўқув биноси қурилиши жараёнлари назоратдан ўтказилди.
Ўрганишлар жараёнида бинонинг ғишт териш ишларида қурилиш меъёрлари бузилгани маълум бўлди. Жумладан, ғиштлар орасидаги горизонтал ва вертикал чоклар қоришма билан тўлиқ тўлдирилмаганлиги, шунингдек, армокаркас ишлари тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари талабларига мувофиқ бажарилмаганлиги маълум бўлди.

– Мутахассислар томонидан аниқланган қоидабузарликлар шу заҳотиёқ демонтaж қилиниб, бартараф этилди, – дейди инспекция мутахассиси Муҳриддин Аввалбеков. – Шу билан бирга, пудратчи ташкилотга қурилиш ишларини белгиланган тартибда, лойиҳа талаблари асосида қайта амалга ошириш бўйича ёзма кўрсатмалар берилди. Мазкур топшириқларнинг ижроси эса инспекция томонидан доимий назоратга олинди.
Бу каби чора-тадбирлар қурилиш соҳасида очиқлик, масъулият ва сифат назоратини кучайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим натижасидир. Ўтган йилларда айрим камчиликлар объект фойдаланишга топширилгандан кейин аниқланган бўлса, бугунги кунда қурилиш жараёнининг ўзидаёқ муаммоларни барвақт аниқлаб, уларни бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Албатта, қурилиш соҳасида олиб борилаётган бу каби ислоҳотлар ҳар бир объектда сифат ва қонунийликни таъминлашга хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири