Навоийда “Креатив тадбиркор ёшлар форуми” ташкил этилди
ЎзЛиДеП Навоий вилоят Кенгаши ташаббуси билан Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида “Креатив тадбиркор ёшлар форуми” бўлиб ўтди.
Форумда ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши масъул ходими Ғайратжон Турғунов, партиянинг Навоий вилоят Кенгаши раиси Ғофур Алиев, маҳаллий Кенгаш депутатлари, университет профессор-ўқитувчилари, тадбиркорлар, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида таъкидланганидек, бугунги кунда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш ҳамда янги авлод вакиллари учун муносиб имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Форумда “Имкониятлар ва ижод майдони”да робототехника намуналари, IT-лойиҳалар, стартап макетлари ва янги ишланмалар кўргазмаси орқали ёшлар замонавий технологиялари ва янгилик яратишга бўлган қизиқиши, изланувчанлигини намойиш этди.
Шунингдек, тадбирда ёш мўйқалам усталари ҳам ўз қобилиятларини яна бир бор синовдан ўтказди. Улар иштирокчилар кўз ўнгида “Замонавий Навоий вилояти – ёшлар нигоҳида” мавзусида расмлар чизди.

Форумда ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига бўлган қизиқишини ошириш, уларга бизнесни бошлаш ва ривожлантириш сирларини ўргатиш мақсадида “Бизнес-инкубатор” ташкил этилди.
Унда муваффақиятли фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирокида ёшлар учун амалий ва мотивацион маҳорат дарслари ҳамда мулоқот ўтказилди.

Мазкур учрашувларда ёшлар тадбиркорларнинг ҳаётий тажрибалари билан танишди. Бизнес ғояларни амалга ошириш, бозор талабини ўрганиш, тўғри қарор қабул қилиш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш борасида қимматли маслаҳатлар олди.
Тадбир давомида стол тенниси бўйича “ЎзЛиДеП кубоги”нинг Навоий вилояти босқичи ҳам ўтказилди. Шунингдек, ёшлар шахмат мусобақасида ўзаро куч синашди.

Форумда хорижда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ёшлар билан онлайн мулоқот ташкил этилди. Ушбу мулоқот орқали ёшлар хорижда орттираётган тажриба, билим ва кўникмалар, янги имкониятлар ҳақида ўзаро фикр алмашди.
Форум давомида олий таълим муассасаларида таҳсил олиб, ўзинг намунали хулқи ва таълим жараёнларидаги ташаббускорлиги билан ўз тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ талабаларга партия фаоллари ва депутатлар ташаббуси билан бир марталик “ЎзЛиДеП стипендияси” ва ташаккурномалар топширилди.


Навоийда ташкил этилган “Креатив тадбиркор ёшлар форуми” билимли, ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган ёшларни бир майдонда бирлаштирганлиги билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири