Навоийда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида шашка бўйича республика финали ўтказилди
Навоий шаҳрида Президент ташаббуси билан ўтказиб келинаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида спортнинг шашка тури бўйича 16-21, 22-26 ҳамда 27-30 ёш тоифаларида аёллар ўртасида республика финал босқичи бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан ҳудудий саралаш босқичларида ғолиб бўлган энг кучли спортчилар иштирок этиб, ақл-заковат, диққат ва стратегик фикрлашни талаб этадиган баҳсларда ўз маҳоратини намоён этди.
Қизғин ва муросасиз кечган беллашувлар якунига кўра, 16-21 ёш тоифасида сирдарёлик Гўзал Бўронова, 22–26 ёш тоифасида фарғоналик Маҳлиё Тошпўлатова, 27-30 ёш тоифасида эса қорақалпоғистонлик Гўзал Давлатбоева биринчи ўринни қўлга киритиб, республика чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.
[gallery-30468]
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Абдували Бўриев, Сирож Арслонов (сурат), ЎзА