Навоийда 9 та йирик ва муҳим объект фойдаланишга топширилди
Юртимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Навоий вилоятида аҳоли фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, ҳудуднинг саноат ва энергетик салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилган қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди. Олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий самараси сифатида 9 та муҳим саноат, энергетика ва ижтимоий соҳа объекти фойдаланишга топширилди.
Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун жами 571 миллион доллардан ортиқ хорижий инвестиция ҳамда 41,7 миллиард сўм бюджет маблағлари йўналтирилди. Энг муҳими, мазкур лойиҳалар натижасида 800 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Бу эса ҳудудларда инвестициявий фаолликни ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иқтисодий имкониятларни ишга солиш борасидаги ислоҳотлар изчил давом этаётганини кўрсатади.
Вилоятда саноат ва “яшил” энергетика йўналишида амалга оширилган лойиҳалар алоҳида аҳамиятга эга. Хусусан, Нурота ва Хатирчи туманларида гранит тошларини қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича учта йирик мажмуа ишга туширилди.
Нурота туманида фаолияти йўлга қўйилган “Shiji jianfa stone” корхонасига 100 миллион доллар инвестиция киритилиб, 200 та янги иш ўрни яратилди. “An rui stone” лойиҳаси доирасида эса 45 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 150 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Хатирчи туманида ишга туширилган “National Ceramics” корхонаси ҳам ҳудуд иқтисодиёти учун муҳим аҳамият касб этади. Лойиҳага 16 миллион доллар инвестиция жалб этилган бўлиб, 350 та янги иш ўрни яратилди. Корхонанинг йиллик 2,5 миллион долларлик экспорт салоҳиятига эга экани эса унинг нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорларда ҳам рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятини оширади.
Эътиборлиси, Навоий вилоятида “яшил” энергетикани ривожлантириш борасида ҳам салмоқли қадамлар ташланмоқда. Нурота туманида қиймати 390 миллион доллар бўлган, 300 мегаватт қувватга эга “NUROTA SOLAR POWER” қуёш фотоэлектр станцияси фойдаланишга топширилди.
Замонавий технологиялар асосида барпо этилган мазкур станция йилига 657 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу нафақат энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш, балки қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ва экологик барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим қадамдир. Шу билан бирга, станция фаолияти натижасида маҳаллий бюджетга йилига 56 миллиард сўм тушум келиши кутилмоқда.

Мустақиллик байрами арафасида ижтимоий соҳа, хусусан, таълим тизимида ҳам муҳим объектлар фойдаланишга топширилди. Жумладан, Зарафшон шаҳрида янги массив аҳолиси фарзандлари учун 15,2 миллиард сўмлик маблағ эвазига 15-сонли замонавий мактаб барпо этилди. Нурота тумани “Нуробод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 11 миллиард сўмлик лойиҳа асосида 330 ўринли 1-сонли мактаб фойдаланишга топширилди.
Навоий шаҳрининг Меъмор маҳалласида эса 7,3 миллиард сўмлик маблағ ҳисобидан 19-сонли мактабнинг қўшимча биноси барпо этилди. Янги таълим масканларида ўқувчиларнинг сифатли билим олиши, замонавий таълим технологияларидан фойдаланиши учун зарур шароитлар яратилди.

Шунингдек, мактабгача таълим соҳасида ҳам бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Навбаҳор туманидаги 12-сонли ҳамда Навоий шаҳри Умид маҳалласидаги 13-сонли мактабгача таълим ташкилотлари тўлиқ мукаммал таъмирланиб, тарбияланувчилар учун замонавий ва қулай шароитлар яратилди.
Мустақиллик байрами арафасида Навоий вилоятида ишга туширилган мазкур объектлар ҳудудда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш, энергетика салоҳиятини ошириш ҳамда таълим инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири