Жорий йилнинг июль-август ойларида ижтимоий тармоқларда Навоий шаҳри ва Кармана тумани ҳудудларида чангсимон тутун тарқалаётганлиги тўғрисида кўплаб маълумотлар тарқалган эди.
Ушбу ҳолат сабабларини ўрганиш мақсадида “Юксалиш” ҳаракати Навоий вилоят ҳудудий бўлинмаси, Ўзбекистон Экологик партияси вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари иштирокида ишчи гуруҳ тузилиб, атроф-муҳитга таъсири бўйича 1- ва 2- тоифали саноат корхоналари ва тадбиркорлик субъектларида депутатлик ҳамда жамоатчилик назорати асосида холисона ёндашган ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилган эди.

Ўрганишлар натижалари халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши Ўзбекистон Экологик партиясидан депутатлик гуруҳи, аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси йиғилишларида муҳокама қилиниб, Кенгашнинг навбатдаги сессияси кун тартибига киритилди.

Жорий йилнинг 25 август куни ўтказилган сессияда депутатларнинг таклифлари инобатга олиниб, “Навоийазот” АЖ, шунингдек, Навоий шаҳри ва Кармана тумани ҳудудларига атмосфера ҳавоси сифатини автоматик мониторинг қилиш станциялари ўрнатишни ташкил этиш бўйича қарор қабул қилинганди.

Сессия қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Навоийазот” АЖ томонидан жамоатчилик вакиллари иштирокида стационар постларни ўрнатиш ишлари бошланди.
А.Бўриев, ЎзА