“Navoiy Xinwei” институти ташкил этилади
Навоий давлат университети ва Хитойнинг “Geely Holding” корпорацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Университет Ахборот хизматининг маълум қилишича, Навоий давлат университети раҳбариятининг Хитойга хизмат сафари давомида корпорация вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинган.

Келишувга кўра, университет қошида “Navoiy Xinwei” институти ташкил этиладиган бўлди. Бу марказда Ўзбекистон, Марказий Осиё ва бутун дунё бўйлаб талабалар учун ўзига хос ихтисослаштирилган дастурларни яратиш учун курслар фаолияти йўлга қўйилади.

Шунингдек, таълим муассасасида сунъий интеллектга асосланган халқаро стандартларга мос гибрид таълим модули яратилади. Хитой тили маркази ташкил этилади. Бу марказ кенг қамровли дастурларни, жумладан, қўшма таълим, қисқа муддатли малака ошириш курслари, талаба ва профессор-ўқитувчилар учун алмашинув дастурларини қамраб олиши белгиланган.

“Geely Holding” корпорацияси дунё миқёсидаги автомобилсозлик, технология ва инновациялар гиганти бўлиб, унинг таълимга қаратилган муҳим бўғини “Geely Talent Development Group” ҳисобланади. Айни пайтда ушбу гуруҳ таркибида 9 та замонавий ва инновацион таълим муассасаси фаолият юритмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири