Бугунги кунда бутун дунёда энергияни тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш долзарб муаммолардан бирига айланган. Шу боисдан иқтисодиётнинг турли соҳаларида муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланилмоқда. Юртимизда ҳам энергия тежамкорлигини ошириш, қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2022 йил 25 ноябрь куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида вилоятни республиканинг намунавий ҳудудига айлантириш бўйича янги ташаббусларни илгари суриб, вилоят электр энергиясини тежаш бўйича намуна бўлишини таъкидлаган эди. Бунинг учун вилоятдаги барча ташкилотларга 100 фоиз қуёш панеллари ўрнатиш белгиланганди.
2023 йил охиригача Шимолий кон бошқармаси томонидан ишлаб чиқариш цехларига 756 та ва корхона ходимларининг турар-жой биноларига 225 та қуёш сув иситгичини ўрнатиш режалаштирилган.
Бошқармада энг йирик қуёш сув иситиш станцияси иссиқлик, сув, газ таъминоти ва оқова сув цехларида қурилмоқда. Бу ерда ўрнатиладиган 477 та қуёш сув иситгичи темир йўл цехининг саноат майдончасида жойлашган қозонхона цехининг ишлашида унинг ўрнини босиш имконини беради. Ушбу станциянинг ишга туширилиши йилига 80 минг кубометрдан кўпроқ табиий газни тежаш имконини беради.
– Қуёшдан электр энергиясини ишлаб чиқариш учун Шимолий кон бошқармаси томонидан умумий қуввати 9 кВт/соат бўлган 1600 та фото электр станцияси қурилиши назарда тутилган, – дейди бошқарма бош энергетиги Аҳад Ортиқов. – Бу йилига 2 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 3 миллион кВтдан ортиқ электр энергиясини тежаш имконини беради. Бошқарма томонидан 3-сонли гидрометаллургия заводи, “Шарқий”, “Даугизтов” очиқ усулда қазиб олиш конлари, 1-сонли автокорхона, тармоқлар ва нимстанциялар цехи, иссиқлик, сув, газ таъминоти ва оқова сувлар цехи, назорат-ўлчов асбоблари ва автоматика воситалари марказий лабораторияси, 6-ёнғин қутқарув қисми хизмати, марказий физика-кимёвий лабораторияда ҳам қуёш сув иситгичларини ўрнатиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Қуёш сув иситиш станцияларини қуриш ишлари Шимолий кон бошқармасининг ўз кучлари ёрдамида етакчи муҳандис Жамол Мустафоев, ИСГТ ва ОСЦ энергетиги Бобомурод Қурбонов, ТКЖТЦ энергетиги Пўлат Хўжаниязов каби тажрибали мутахассислар томонидан бажарилмоқда.
Ҳозирги вақтда қуёш сув иситгичларининг 25 фоизи ўрнатилди ва фойдаланишга топширилди. Қолган сув иситгичларни ўрнатиш ишлари давом этмоқда. Улар шу йилнинг охиригача фойдаланишга топширилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири