Навоий вилоятида йил якунига қадар аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 88,5 фоизга етказилади
“Навоий сув таъминоти” АЖда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда “Навоий сув таъминоти” АЖ директори Отабек Зарипов аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш, сув таъминоти ва оқова сув тармоқларини модернизация қилиш, мавжуд инфратузилмани янгилаш ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, вилоятда 2017 йилда аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 53,2 фоизни ташкил этган бўлса, амалга оширилган кенг кўламли лойиҳалар ва тизимли чора-тадбирлар натижасида 2026 йил январь ҳолатига ушбу кўрсаткич 87,9 фоизга етди. Жорий йилда амалга оширилаётган дастурлар доирасидаги ишлар якуни билан эса ушбу кўрсаткични 88,5 фоизга етказиш белгиланган.
– Бугунги кунда вилоятдаги мавжуд 310 та маҳалланинг 198 таси тўлиқ, 90 таси қисман марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Қолган 22 та маҳаллага эса марказлашган ичимлик суви ҳали етиб бормаган. Ушбу марказлашган ичимлик суви ҳали етиб бормаган 22 та маҳаллалар асосан дашт, тоғ ва тоғ олди ҳудудларда жойлашганлиги сабабли техник жиҳатдан тармоқ тортиш имконияти йўқлиги боис бу 22 та маҳаллаларнинг 4 тасига сув ташиш техникалари орқали сув етказилиб берилади. Қолган 18 та маҳалла аҳолиси эса сувни табиий булоқлар, шахсий қудуқлар орқали истеъмол қилади, – деди О.Зарипов.
Жорий йилда Давлат дастурлари доирасида республика бюджетидан 176,9 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 466,4 километр ичимлик ва оқова сув тармоқларини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Ўтган давр мобайнида 130 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, йиллик режанинг 64 фоизи бажарилди. Мазкур ишлар доирасида қарийб 200 километр янги ичимлик суви тармоғи қурилди, 3 та сув иншоотида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 февралдаги “2026 йилда Навоий вилоятини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Навоий, Зарафшон шаҳарлари, Учқудуқ тумани ва Конимех туманининг Зафаробод қўрғонидаги тортилганига узоқ йиллар бўлган носоз ҳолатдаги ичимлик ва оқова сув тармоқларини тўлиқ реконструкция қилиб, янгисига алмаштириш белгиланган. Ҳозирда ушбу объектлар юзасидан ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари ўрнатилган тартибда экспертиза хулосасини олиш учун тизимга киритилган. Лойиҳани амалга ошириш муддати 2026-2027 йилларни ташкил этади.
Бундан ташқари, жамиятнинг ўз маблағлари ҳисобидан 100 тадан ортиқ насос агрегати, 25 километрдан зиёд ичимлик суви тармоғи ва 2 километрга яқин оқова сув тармоғи жорий ҳамда мукаммал таъмирдан чиқарилди. Натижада 55 минг нафардан ортиқ аҳолининг ичимлик суви таъминоти ва хизмат кўрсатиш сифати сезиларли даражада яхшиланди.
Сув таъминоти тизимида “яшил” технологиялардан фойдаланиш кўлами ҳам кенгаймоқда. Сув иншоотлари ҳудудларидаги бўш ер майдонларига умумий қуввати 2,5 МВт бўлган қуёш электр панеллари ўрнатилди. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида ушбу панеллар орқали 1,5 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Натижада жамиятга 300 миллион сўм миқдорида даромад олиш имконияти яратилди.
Навоий вилоятида тажриба тариқасида кўп қаватли уйнинг 68 та хонадонига масофадан туриб ичимлик сувини тармоқдан узиш-ёқиш ва онлайн маълумот узатиш имконини берувчи сув ҳисоблагичлари ўрнатилди. Натижада мазкур хонадонларда сув ҳисоби тўлиқ рақамлаштирилди. Онлайн ҳисоблагичлар ўрнатилишидан олдин 68 та хонадонда 34 миллион сўм дебитор қарздорлик мавжуд бўлган бўлса, кейинчалик ушбу қарздорлик тўлиқ ундирилди ва сув учун тўловларни олдиндан амалга ошириш тизими йўлга қўйилди.
Соҳадаги ислоҳотларнинг муҳим вазифаларидан бири молиявий интизомни мустаҳкамлаш, кўрсатилаётган хизматлар учун тўловларни ўз вақтида ундириш ва корхонанинг барқарор ишлашини таъминлашдан иборат. 2026 йил 1 январь ҳолатига жамиятда дебитор қарздорлик 21,4 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 18 миллиард 411 миллион сўмга туширилди. Яъни йил бошига нисбатан қарздорлик 2 миллиард 990 миллион сўмга камайди.
[gallery-31952]
Истеъмолчилар билан ҳисоб-китобларни тартибга солиш, қонун бузилишларининг олдини олиш мақсадида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. 2026 йил давомида ўтказилган ўрганиш ва рейд тадбирлари натижасида 789 та ҳолат бўйича далолатнома расмийлаштирилди. Шундан 77 таси ичимлик ва оқова сув тармоқларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, 712 таси эса сув таъминотидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатларидир.
Аниқланган ҳолатларнинг 770 таси аҳоли, 19 таси юридик истеъмолчилар ҳиссасига тўғри келган. Уларга жами 683 миллион сўм миқдорида қайта ҳисоб-китоб қилинган бўлиб, шундан 482 миллион сўми ундирилди.
Матбуот анжуманида ичимлик суви ва оқова сув хизматлари бўйича тасдиқланган тарифлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.
Тадбир сўнггида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари