Навоий вилоятида тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳимояси йўлида амалий натижаларга эришилмоқда
Аҳоли фаровонлигини ошириш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-кувватлаш, уларнинг фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашув ва сунъий тўсиқларнинг олдини олиш ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман девони Навоий вилояти шуъбаси томонидан тизимли ва манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тадбиркорларнинг таклиф ва эътирозларини бевосита жойларда ўрганиш мақсадида тизимли учрашувлар ташкил этилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан бўлиб ўтган VI Очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида вилоятда 2000 дан ортиқ бизнес вакиллари иштирокида 20 дан ортиқ очиқ мулоқот ва қабуллар ўтказилиб, 400 дан ортиқ масалалар кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг салмоқли қисми, яъни 200 дан ортиқ масалалар жойида ҳал этилган бўлса, қолган масалаларни тартибга солиш бўйича ҳуқуқий маълумот берилган.
Бугунги кунда ноқонуний текширув ва асоссиз аралашувлар олди олинмоқда, ноқонуний қарорлар ва асоссиз молиявий юкламалар бекор қилинмоқда.Тадбиркорлик фаолиятининг дахлсизлигини таъминлаш мақсадида ўтказилган таҳлиллар натижасида 40 дан ортиқ тадбиркорлик субъектида рўйхатдан ўтмасдан ноқонуний текширувлар ўтказилгани аниқланди. Кўрилган тезкор чоралар билан 14 та субъектга қўлланилган 200 миллион сўмдан ортиқ ноқонуний жарималар бекор қилинди, 19 нафар масъул ходим маъмурий жавобгарликка тортилди, 2 нафари эса лавозимидан озод этилди.
Бундан ташқари, хўжалик ташкилотлари томонидан асоссиз ҳисобланган 1 миллиард сўмдан ортиқ “нореал” қарздорликлар, 2 миллиард сўмдан ортиқ асоссиз солиқ қарздорликлари бекор қилинди. Давлат ташкилот ва муассасалаларининг тадбиркорлар олдида 5 миллиард сўмдан ортиқ қарздорликлари қоплаб берилиши таъминланиб, тадбиркорларнинг мулкий манфаатлари ҳимоя қилинди.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонунчилик билан ваколат берилган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан жорий йилда қўлланилган жами 13 та асоссиз қарорлари Вакил девони томонидан киритилган хулоса ва тақдимномалар натижасида бекор қилинши таъминланган.
Ўтган давр мобайнида Бизнес-омбудсман томонидан 10 га яқин фермер хўжаликларига 1 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар ажратилишида амалий ёрдам берилган.
Айни пайтда тадбиркорларнинг инфратузилма билан боғлиқ масалаларига тезкор ечим берилиб келинмоқда. Бевосита аралашувлар натижасида Навоий шаҳридаги 150 дан ортиқ тадбиркор, 1000 дан ортиқ иш ўрнига эга текстиль корхонасининг ифратузилма билан боғлиқ муаммолари бартараф этилган.
Шунингдек, тадбиркорларни электр энергия таъминотидан узиб қўйиш, таъминот бўйича мавжуд имтиёз ва преференцияларни қўлламаслик ҳолатлари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар юзасидан ўтказилган маъмурий суриштирув натижасида 10 га яқин мансабдор шахсга нисбатан БҲМнинг 40 баравари миқдорида маъмурий жарималар қўлланилиб, тадбиркорларнинг узиб қўйилган электр таъминоти қисқа муддатда қайта тикланиши таъминланган.
Судларда ҳам тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда. Ўрганишлар натижасида 4 та фермер хўжаликларининг ер майдонларини захирага олиш бўйича даъво талаблари рад этилиши таъминланди. Ноҳақ банкрот деб топилиб, банк ҳисоблари ёпилган хатирчилик фермернинг мақоми қайта тикланиб, 19 тонна пахта ҳосили нобуд бўлишининг олди олинди.
Шу билан бирга, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи 10 га яқин тадбиркорларнинг лицензиясини бекор қилиш ҳақидаги даъво талаблари рад этилиб, иқтисодий суд ҳал қилув қарорлари асосида қарздор давлат идораларидан хизмат кўрсатган тадбиркорлар фойдасига 500 миллион сўмдан ортиқ, қўлланилган таъсир чоралар натижасида эса 3 миллиард сўмдан ортиқ қарздорликлар ундириб берилди. Шунингдек судда ҳуқуқларини ҳимоя қилинишига мухтож бўлган 50 дан ортиқ тадбиркорларга ҳуқуқий ҳимоя ва ёрдам кўрсатилди.
Навоий вилояти тажрибаси асосида “Agro-subsidiya” ахборот тизимидаги камчиликлар таҳлил қилиниб, Вакил томонидан киритилган хулосалар асосида 2025 йилда ижобий хулосага эга 900 дан ортиқ аризалар бўйича 700 дан ортиқ тадбиркорларга тўланмасдан қолган субсидия маблағлари, шунингдек, республика бўйича 12 мингдан ортиқ аграр соҳа вакилларига 46,2 миллиард сўмлик электр энергияси субсидияси тўлаб берилиши таъминланди.
Шунингдек, Бизнес-омбудсман хулосасига асосан “yerelektron” ва “e-auksion” тизимлари ўртасида интеграция йўлга қўйилди, олис ва чўл ҳудудларидаги 1000 дан ортиқ ёшлар учун саноат зоналаридаги ер майдонларини “1 сўм” бошланғич нархда аукционга чиқариш ва юзлаб янги иш ўринларини яратиш имконияти амалда таъминланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири