Кейинги йилларда юртимизда эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган нормаларни бекор қилиш, ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни бартараф этиш, энг аввало тадбиркорлик фаолиятига нисбатан тартибга солиш юкини камайтириш, норматив-ҳуқуқий базанинг тизимлилиги ва комплекслилигини таъминлаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги “Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Навоий вилоятида ҳам адлия бошқармаси томонидан эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни аниқлаш мақсадида хатлов ўтказилиб, вилоятда 212 та ҳужжат ўз аҳамиятини йўқотганлиги аниқланди.
– Вилоятдаги ана шундай ҳужжатлардан бири Навоий вилоят ҳокимининг 2003 йил 3 январдаги "Вилоят ҳокимлиги ҳузурида минтақавий лотореяларни ташкил этиш бўйича ихтисослаштирилган хўжалик ҳисобидаги бошқарма тузиш тўғрисида"ги Қ-1-сон қароридир, – дейди Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Жаҳонгир Нарбаев. – Унинг қабул қилинганига қарийб 18 йил бўлди. Табиийки, унда белгиланган вазифалар бугунги кун талабига моб эмас. Биз хатлов жараёнида ҳужжатларнинг долзарблиги, ҳозирги кундаги аҳамиятига кўра таҳлил этдик ва таклифларимиз инобатга олинди.
Хатлов натижасида аниқланган 212 та эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжат тўғрисида халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида тегишли қарор қабул қилинди. Натижада мазкур ҳужжатлар Кенгашнинг 2021 йил 20 майдаги “Навоий вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ эндиликда вилоят ҳаётида аҳамиятга эга эмас деб ҳисобланади.
Маълумот учун, Адлия вазирлиги томонидан 2020 йилда манфаатдор идоралар билан биргаликда ўтказилган хатловда республика бўйича 2,5 мингга яқин эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар аниқланган эди. Шундан 498 таси 1990-2018 йиллар оралиғида Президент томонидан имзоланган ҳужжатлардир.
Абдували Бўриев, ЎзА