Бугунги кунда юртимизда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулкий ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг дахлсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Бунда 2024 йил 5 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни дастуриламал вазифасини бажармоқда.

– Қонунга кўра, эндиликда ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқни расмийлаштириш учун идорама-идора сарсон бўлинмайди, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Отабек Тўхтаев. – Мазкур қонун билан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга тааллуқли маълумотлар ҳамда ҳужжатларни келишиш Кадастр агентлигининг автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилмоқда. Бу тизимга 15 та ваколатли ташкилот ҳам тегишли маълумотларини киритиб боради. Тўпланган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги вилоят адлия бошқармаси томонидан текшириб чиқилади. Ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга эса СМС-хабарнома юборилади.

Ўтган давр мобайнида мазкур қонуннинг ижросини таъминлаш мақсадида Давлат кадастрлари палатаси Навоий вилояти бошқармаси томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 14 минг 109 та объект хатловдан ўтказилди. Бу эса жойлардаги реал ҳолатни аниқлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва кадастр ҳужжатларини қонунийлаштиришга хизмат қилмоқда.
Хатлов натижаларига кўра, 10 минг 812 та объект Ягона кадастр ахборот тизими – “UZKAD” платформасида рўйхатга олинган. Объектларнинг 5 минг 792 та эса махсус “Эътироф” ахборот тизимига юкланди.

Ушбу объектлар юзасидан ҳуқуқий ҳолатлар аниқланиб, тегишли босқичларга йўналтирилди. Мазкур жараёнларга алоҳида масъулият билан ёндашилиб, фуқаролар манфаатлари устуворлик тамойилига асосланган ҳолда олиб борилмоқда.
Айни пайтда объектлар юзасидан ҳуқуқий эътироф ва давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Хатлов натижалари ва кўриб чиқиш босқичларидан сўнг халқ депутатлари вилоят кенгаши томонидан 35 та ҳолатда фуқароларнинг ер майдонларига нисбатан ижара ҳуқуқлари, бино ва иншоотларига нисбатан мулк ҳуқуқлари қонуний равишда эътироф этилди.
Ушбу ҳуқуқлар асосида кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, улар Давлат кадастр рўйхатидан ўтказилди. Бу эса фуқароларга ўз мулки устидан қонуний эгалик қилиш имкониятини яратади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири