Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Навоий вилоятида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, суғоришда сув йўқотилишини камайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар асосида ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоятда 2026 йилда жами 17 минг 381 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинди. Шундан 4 минг 805 гектар майдонда томчилатиб суғориш, 2 минг 326 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш, 721 гектар майдонда дискрет суғориш, 1 минг 257 гектар майдонда эгатларга плёнка тўшаб суғориш усули, 4 минг гектар майдонда эгилувчан қувурлар орқали суғориш, 4 минг 272 гектар майдонда лазерли текислаш технологиялари жорий этилди.

Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида эса туманларда сув тежовчи технологияларни жорий қилишда ва қайта ишга туширишда кўмаклашувчи сервис гуруҳлар ташкил қилинган.
***
Нукус шаҳрида буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний номидаги III халқаро кимё олимпиадаси бўлиб ўтди.

Унда дунёнинг 17 та давлатидан иқтидорли ўқувчилар иштирок этиб, кимё фанидан ўз билим ва салоҳиятларини синовдан ўтказди.
Ушбу мусобақада Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган Навоий шаҳридаги 11-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Жасурбек Мустафоев олтин медални қўлга киритди.
***
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети Кимё-металлургия факультетининг бир гуруҳ иқтидорли талабалари айни кунларда Грузия техника университетида академик мобиллик дастури доирасида таҳсил олмоқда.

Дастур доирасида талабалар хорижий университетнинг таълим ва илмий муҳити билан яқиндан танишиш, халқаро академик тажриба алмашиш имкониятига эга бўлмоқда.
“Иқтисодиёт ва менежмент” кафедраси мудири Мелс Рашидов раҳбарлигидаги талабалар хорижий олий таълим муассасасида ташкил этилган ўқув машғулотлари, илмий-амалий учрашувлар ва академик тадбирларда фаол иштирок этиб, замонавий таълим ёндашувлари ҳамда илғор тажрибаларни ўрганяпти.
А.Бўриев, ЎзА мухбири