Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Нурота туманида “Max mountain stone” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан гранит тошларини қайта ишлашга ихтисослашган йирик завод барпо этилмоқда.
Умумий майдони 14 гектарни ташкил этувчи ушбу саноат объекти 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ҳисобига молиялаштирилмоқда.

Туман ҳокими Азамат Файзиев мазкур лойиҳа ташаббускорлари ва инвесторлар билан учрашиб, амалга оширилаётган ишлар кўлами билан яқиндан танишди. Мулоқот давомида қурилиш-монтаж жараёнларининг бориши, заводни инфратузилма тармоқларига улаш ҳамда корхонани белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш билан боғлиқ ташкилий масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Мазкур йирик ишлаб чиқариш қувватининг тўлиқ ишга туширилиши натижасида ҳудудда 60 та янги доимий иш ўрни яратилиши белгиланган.
***
Навбаҳор туманидаги Ёшлар марказида аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни муносиб иш ўринларига жойлаштириш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ҳамда очиқ мулоқот ташкил этилди.

Тадбирда 150 нафарга яқин ёш иштирок этиб, 31 нафари иш билан таъминланди. Шунингдек, масъул раҳбарлар иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда ёшларнинг муаммо ва таклифлари тингланиб, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
***
Навбаҳор тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси томонидан “Навкар” канали бўйида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги кўчат экиш бўйича ҳашар ташкил этилди.

Унда муассаса ишчи-ходимлари томонидан 2,5 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Ушбу эзгу ташаббус ҳудуд экологик муҳитини яхшилаш, яшил майдонларни кенгайтириш, канал атрофини ободонлаштириш ҳамда табиат мусаффолигини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
***
Навоий вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси томонидан Қизилтепа тумани “Пахтаобод” МФЙдаги 30-умумий ўрта таълим мактабида амалга оширилаётган реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари юзасидан навбатдаги назорат тадбири ўтказилди.

Ўрганиш давомида бинонинг иккинчи ва учинчи қаватларидаги дераза атрофларида ташқи фасадни сувоқ қилиш ва пардозлаш ишлари сифатсиз бажарилгани, айрим қисмларда сувоқ қатламининг нотекислиги ҳамда юзасида нуқсонлар мавжудлиги, шунингдек, қурилиш чиқиндилари тўпланиб қолгани аниқланди.
Аниқланган камчиликлар юзасидан тезкор чоралар кўрилиб, талабга жавоб бермайдиган фасад қисмлари инспекция мутахассислари назоратида демонтаж қилинди.
Масъулларга қурилиш ишларини тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари ва амалдаги қурилиш меъёрларига мувофиқ бажариш бўйича ёзма кўрсатмалар берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири