Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
21 октябрь – Ўзбек тили байрами муносабати билан куни Шимолий кон бошқармасида “Ўзбек тилида тўғри ёзамиз!” шиори остида тест марафони ўтказилди.

Ушбу тадбир ёшларнинг она тилимизга бўлган ҳурматини янада ошириш, уларнинг саводхонлигини мустаҳкамлаш, имло қоидаларига риоя этиш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда ўзбек тилининг бойлиги ва бетакрорлигини кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказилди.
Танлов ғолиблари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
***
Қизилтепа тумани Халқ қабулхонасида Мажбурий ижро бюроси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Баҳром Тоштемиров иштирокида сайёр қабул ўтказилди.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш, фуқароларнинг муаммоларини жойида ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида ўтказилган қабул давомида жисмоний ва юридик шахслар вакилларидан 9 нафарининг мурожаатлари тингланиб, ҳар бир масала юзасидан амалдаги қонунчилик талаблари асосида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Сайёр қабулда асосан алимент қарздорликларни ундириш, тақиқни бекор қилиш, қарз ундириш ҳамда бошқа ижро ҳаракатлари билан боғлиқ бўлган масалалар юзасидан мурожаатлар кўриб чиқилди.
Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар назоратга олиниб, уларни белгиланган муддатларда қонуний ҳал этиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.
***
Навоий вилоятида тиббиёт ва фармацевтика ходимлари ўртасида “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ҳамда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси раиси кубоги” учун спорт мусобақаларининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тиббиёт ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш, оммавий спортни ривожлантириш ҳамда жамоалар ўртасида дўстона муҳит ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган беллашувларда 300 нафарга яқин тиббиёт ва фармацевтика ходими мини-футбол, стол тенниси, шахмат ва шашка спорт турлари бўйича ўзаро куч синашди.


Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, медаллар ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири