Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Навоий шаҳридаги истироҳат боғида 19 сентябрь - Бутунжаҳон тозалик куни муносабати билан “Ҳаёт учун жой ажратинг” шиори остида экоакция ўтказилди.
Аҳолининг экологик маданиятини янада ошириш, ҳудудларни чиқиндилардан ҳоли этиш ва бу борада халқаро ҳамжамият тажрибасини оммалаштириш мақсадида ўтказилган акцияда Навоий вилоят Экология бош бошқармаси, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги вилоят бошқармаси, “Ёш иқлим чемпионлари” лойиҳаси ёшлари, вилоят Ёш экологлар ҳаракати аъзолари, “Мироншоҳ комфорт” ва “Стимул Навоий” МЧЖ вакиллари иштирок этди.

Мусобақа тарзида ўтказилган акциясида иштирокчилар 28 та гуруҳга бўлиниб, 2 тоннадан ортиқ чиқинди йиғди.
Тадбир сўнггида фаол иштирок этган гуруҳларга эсдалик совғалари ва ташаккурномалар топширилди.
***
Навоийда футбол мактабларининг 2011 йилда туғилган ўсмирлари (У-15) иштирокида “Ўзбекистон кубоги” мусобақаси бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлардан келган жами 14 та жамоа иштирокида 6 кун давомида кечган мусобақа тактик курашлар ва ҳаяжонли дақиқаларга бой бўлди.
Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни Навоий вилояти Кармана туманидаги футбол мактаби, 2-ўринни Тошкент вилояти футбол мактаби ва 3-ўринни Наманган вилояти футбол мактаби жамоаси эгаллади.
***

Навоий вилояти Статистика бошқармаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 сентябрь ҳолатига вилоятда чет эл инвестициялари иштирокида 336 та корхона ва ташкилот фаолият юритмоқда. Улардан 116 таси қўшма ва 220 таси хорижий корхоналардир.
Корхона ва ташкилотлар сони бўйича Хитой (145 та), Россия (39 та), Туркия (31 та), Эрон (15 та) ва Қозоғистон (13 та) етакчилик қилмоқда.
А. Бўриев, ЎзА мухбири