Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида Нурота туманидаги Нуробод ва Нурфахр маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи диаметри 159 мм, узунлиги 1,8 километр бўлган газ қувурида реконструкция ишлари амалга оширилди.
Мазкур ишлар газ тармоғининг техник ҳолатини яхшилаш, унинг ишончли ва барқарор ишлашини таъминлаш, шунингдек, истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш сифатини ошириш мақсадида бажарилди.

Амалга оширилган реконструкция ишлари натижасида 2 697 та хонадоннинг табиий газ таъминоти яхшиланди.
***
Навбаҳор туманидаги Қизилработ маҳалласида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.

Маҳалла аҳли иштирокида ташкил этилган байрам тадбирида концерт дастури ва миллий халқ ўйинлари намойиш этилиб, куй-қўшиқлар ва бадиий чиқишлар орқали барчага хуш кайфият улашилди.
***
Навоий шаҳрида оила ва хотин-қизлар тизими ходимлари ўртасида ҳуқуқий “Заковат” интеллектуал ўйинининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Қизиқарли ва мушоҳадага бой тарзда ўтган беллашув якунига кўра, Навоий шаҳар жамоаси 1-ўринни эгаллади ва интеллектуал ўйинининг республика босқичида Навоий вилояти шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. Шунингдек, беллашувда 2-ўринни Қизилтепа тумани, 3-ўринни эса Нурота тумани жамоаси қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндор жамоалар, шунингдек, фаол иштирокчилар диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
***
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тизимидаги меҳнат жамоалари ўртасида шахмат мусобақаси ташкил этилди.

Мусобақада ходимлар ўзларининг нафақат спорт маҳорати, балки зукколик, мантиқий фикрлаш ва стратегик ёндашувларини ҳам намоён этдилар.
Мусобақа якунига кўра, 1-ўринни Хатирчи тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси мутахассиси Меҳриддин Абдуллаев, 2-ўринни Мелиоратив экспедиция мутахассиси Убайдулло Раҳимов ва 3-ўринни “Навоийсувқурилишинвест” давлат муассасаси мутахассиси Эркин Турдиев қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
А. Бўриев,
ЎзА мухбири