“Ёшлар овози” кўрик-танловининг Республика босқичида бахшилик йўналиши бўйича 16–20 ёш тоифаси орасида Навоий вилояти, Зарафшон шаҳридаги 4-умумий ўрта таълим мактаби 9-синф ўқувчиси Бақитжан Сабиров ва “Аманат” этно-ансамбли биринчи ўринни эгаллади.


Ғолиблар Ёшлар ишлари агентлигининг 1-даражали дипломи ва 50 миллион сўм пул маблағи билан тақдирланди.
***
Зарафшон шаҳар Юлдуз маҳалласида “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳамда “Med Logoped Senter Zarafshon” НМТТ ҳамкорлигида давлат-хусусий шериклик асосида 24 ўринли кундузги парвариш хизмати ташкил этилди.

Ушбу хизмат 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларга кундузи қараб туриш хизмати ҳисобланади.

Болаларни парваришлаш, бирламчи ўзига хизмат қилишни ўргатиш билан бирга, ота-оналари бемалол ишлаш имконига эга бўлади. Бу хизмат давлат томонидан бепул амалга оширилади.
***
Халқ депутатлари Кармана тумани Кенгашида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Навоий вилоят бўлинмаси томонидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши билан ҳамкорлигида “Маҳаллий кенгашлар фаолиятини янада яхшилашда янгича ёндашув ва талаблар” мавзусида ўқув-семинари ўтказилди.

Депутатлар, маҳалла раислари, котибият бош мутахассислари иштирок этган тадбирда маҳаллий вакиллик органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштироки, ҳокимлар ҳисобдорлигини кучайтириш ва сессия фаолиятини жонлантириш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили ҳамда маҳаллий вакиллик органларининг назорат фаолиятининг янгича тизими, вакиллик органларининг ижро ҳокимияти фаолияти устидан самарали назоратни амалга оширишнинг устувор вазифалари, Маҳаллий Кенгаш фаолиятини самарали ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатлари, депутатларнинг фаоллигини ошириш ва уларни жамоатчилик билан бевосита мулоқотга жалб этиш каби масалаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири