Навоий вилояти: тарих, табиат ва замонавий туризм уйғунлиги
Навоий вилояти нафақат саноат салоҳияти, балки бой тарихий мероси, бетакрор табиати ва замонавий туристик масканлари билан ҳам эътиборни тортмоқда. Ҳудудда тарихий-маданий, экологик, этно ва сафар туризмини ривожлантириш, маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар учун янги йўналишларни оммалаштириш борасида кенг имкониятлар мавжуд.
2026 йил 26–28 октябрь кунлари халқаро ва республика оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирокида ташкил этилган инфотур давомида вилоятнинг қатор сайёҳлик объектлари билан танишилди.
Саёҳатнинг дастлабки манзилларидан бири Сармишсой музей-қўриқхонаси бўлди. Қоратоғ тизими бағридаги ушбу маскан қадимий қоятош суратлари — петроглифлари билан машҳур. Уларда аждодларимизнинг турмуш тарзи, овчилик фаолияти, ҳайвонот олами ва дунёқарашига оид тасвирлар акс этган. Ушбу маскан тарихга қизиқувчилар, тадқиқотчилар ва сайёҳлар учун ўзига хос очиқ осмон остидаги музейдир.
Нурота туманидаги Каттасой ва Кичиксой ҳудудлари эса тоғ табиати, қишлоқ ҳаёти ва этнотуризм имкониятлари билан ажралиб туради. Хусусан, 2026 йил 25 августда “Туризм қишлоғи” мақомини олган Кичиксойда 20 та оилавий меҳмон уйи фаолият юритмоқда. Бу ерда 15 турдаги туристик хизмат йўлга қўйилган бўлиб, қарийб 150 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган.
Вилоятнинг яна бир ўзига хос жиҳати, Қизилқум чўлининг сайёҳлик имкониятларидир. Қизилқум Сафари ва Конимех туманидаги “Uzbekistan for you” каби масканлар сайёҳларга саҳро табиатини яқиндан ҳис этиш, ўтовларда тунаш, туя сайри ва миллий анъаналар билан танишиш имконини беради. Бундай йўналишлар саргузашт ва экологик туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Айдаркўл бўйидаги Golden Safari дам олиш маскани ҳам табиат қўйнида ҳордиқ чиқаришни истаганлар учун жозибадор манзиллардан бири ҳисобланади. Мовий кўл, бепоён саҳро ва ўтовли оромгоҳлар уйғунлиги ҳудудга ўзига хос сайёҳлик муҳитини бахш этади.
Навоий вилоятининг тарихий мероси ҳақида сўз борганда, Работи Малик карвонсаройи ва Сардоба тарихий обидасини алоҳида таъкидлаш лозим. XI асрга оид Работи Малик Буюк Ипак йўли тарихидан ҳикоя қилувчи меъморий ёдгорлик бўлса, унинг яқинидаги Сардоба қадимда карвонлар ва йўловчиларни сув билан таъминлашда муҳим вазифани бажарган.
Кармана туманидаги Malik Karvon Family Park эса замонавий туризм инфратузилмасининг намунасидир. Тўрт гектар майдонни эгаллаган мажмуа учун 8 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтирилган. Бу ерда оилавий дам олиш, кўнгилочар хизматлар, тропик ва субтропик боғлар ҳамда агротуризм имкониятлари мужассам. Лойиҳа доирасида 150 та янги иш ўрни яратиш белгиланган.
Инфотурнинг яна бир манзили Кўҳна Кармана бўлди. Хусусан, Қосим Шайх мажмуаси ҳудуднинг кўп асрлик тарихи, меъморий анъаналари ва маънавий меросини ўзида мужассам этган. Ушбу маскан зиёрат ва тарихий-маданий туризмни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
Умуман, Навоий вилоятидаги мазкур манзиллар бир-бирини тўлдирувчи туристик йўналишларни шакллантириш имконини беради. Қадимий тарих, миллий анъаналар, чўл ва кўл табиати, замонавий дам олиш масканларининг уйғунлиги ҳудуднинг сайёҳлик жозибадорлигини янада оширади.
Бундай инфотурлар эса вилоятнинг мавжуд имкониятларини кенг жамоатчиликка танитиш, янги сайёҳлик йўналишларини оммалаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий аҳоли бандлигини оширишга хизмат қилади.
Нозимбек Мардонов, О.Давронов,
И.Исматов, ЎзА