Юртимизда туризмни янада ривожлантириш, ташриф буюраётган сайёҳларга муносиб инфратузилма яратиш мақсадида кенг кўламдаги амалий ишлар олиб борилмоқда. Навоий шаҳрининг Ислом Каримов ва Амир Темур кўчалари кесишмасидан “Алишер Навоий истироҳат боғи” гача бўлган оралиқда “Туризм кўчаси” ни ташкил этиш бўйича ишлар бошлаб юборилди.
Ушбу объект бўйича бош лойиҳачи этиб “Muqayyas Group” хусусий корхонаси танлаб олинди. Лойиҳанинг умумий қиймати 13 миллиард 675 миллион сўм этиб белгиланган. Мазкур лойиҳа доирасида “Туризм кўчаси” бўйлаб янги гранит тошлари ётқизилади, пиёда ва велосипед йўлаклари ташкил этилиб, янги ўриндиқлар, ёритиш чироқлари ўрнатилади. Иккита сельфи зонаси қурилади. Ҳудудда кичик архитектура шакл (МАФ)лари ўрнатилиб, санитария гигиена пункти ва туристик маълумот маркази, рангли мусиқали фаввора, маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар учун овқатланиш жойлари қурилади, 7 та меъморий ечими бир-бирига ўхшамайдиган замонавий салқин ичимликлар савдо нуқталари бунёд этилади.
Хуллас, “Туризм кўчаси” бир-бирини такрорламайдиган ландшафт дизайн ва меъморий ечимлар асосида ўзига хос қиёфага эга ҳудудга айланади.
Абдували Бўриев, ЎзА