Навоий машинасозлик заводига замонавий дастгоҳ келтирилди
Иқтисодиёт тармоқларида олиб борилаётган ислоҳотлар саноат корхоналарини модернизация қилиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун кенг имконият яратмоқда. Навоий машинасозлик заводида ҳам бу борада замонавий технологияларни ўзлаштириш ва ишлаб чиқариш қувватларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда заводда маҳаллийлаштириш дастури доирасида кончилик ва металлургия корхоналари учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар, ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотлар сифатини янада яхшилаш мақсадида корхонадаги мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, янги техника ва технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда жорий йилда заводнинг станоксозлик цехига Германиянинг етакчи машинасозлик компаниясида ишлаб чиқарилган “ZP-24” русумли замонавий дастгоҳ келтирилди. Ушбу ускуна диаметри 2,4 минг миллиметргача бўлган тишли ғилдиракларни силлиқлаш ва оғирлиги 20 тоннагача бўлган йирик деталларга юқори аниқликда ишлов бериш имкониятига эга.

Янги дастгоҳ замонавий автоматик назорат тизимлари ва илғор дастурий таъминот билан жиҳозланган бўлиб, ҳар бир деталнинг белгиланган талабларга мослигини юқори аниқлик билан текшириш имконини беради. Айниқса, термик ишловдан кейин юзага келадиган майда нуқсонлар ва деформацияларни бартараф этиш маҳсулотларнинг ишончлилиги ҳамда чидамлилигини оширишга хизмат қилмоқда.
Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида корхонада учта янги иш ўрни яратилди. Бу эса саноат корхоналарини модернизация қилиш нафақат ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, балки аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этаётганини кўрсатади.

Эндиликда Навоий машинасозлик заводида конвеер редукторлари, кон, шахта ва карьер техникаси учун мўлжалланган тишли ғилдираклар ҳамда валларга янада юқори аниқликда механик ишлов бериш имконияти яратилди. Натижада маҳсулотларнинг хизмат қилиш муддати узайиб, улардан фойдаланиш жараёнидаги шовқин даражаси пасаймоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири