Навоий кон-металлургия комбинати раҳбари ёшлар билан учрашди
2020 йил 11 январь куни Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақулов комбинат фаол ёшлари ва етакчилари билан учрашди
2020 йил 11 январь куни Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақулов комбинат фаол ёшлари ва етакчилари билан учрашди.
Тадбир аввалида ёшларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашуви лавҳаси намойиш этилди.
Шундан сўнг ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг ёш мутахассиси”, “Йилнинг энг яхши ёшлар етакчиси”, “Йилнинг энг яхши инновацион ғоя ва рационализаторлик таклифи” танловлари ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда комбинат бош директори Қ.Санақуловнинг ёшларга оид давлат сиёсатининг 2019 йилги комбинатдаги ижроси ва бу борада 2020 йилдаги устувор вазифалар ҳақидаги маърузаси тингланди.
Маърузада таъкидланишича, бугунги кунда комбинатда 16 минг нафарга яқин ёшлар турли соҳаларда фаолият олиб боришмоқда. Уларнинг 2,7 минг нафардан ортиғи олий маълумотга эга бўлиб, ҳозирда 378 нафари турли раҳбарлик лавозимларида, шунингдек, 1,3 минг нафардан ортиғи эса турли тоифадаги мутахассис лавозимларида ишлаб келишмоқда. Шунингдек,2019 йилда комбинат ҳисобидан 4 мингдан ортиқ ёш ходимлар қайта тайёрлаш ва малакаларини оширишга эришилган.Бундан ташқари, комбинатда ёшлар иттифоқи етакчилар Кенгаши раиси ва йирик бўлинмаларда эса ёшлар Кенгаш етакчилари штатлари ажратилиб, уларга раҳбарнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари мақоми берилган. Айни пайтда комбинат бўлинмалари, участка ва цехларида 124 та бошланғич ташкилотлар ташкил этилган.

- Мен бўлинмаларга борганда ёшлар билан доимий равишда кўплаб суҳбатлар қилишга ҳаракат қиламан, — деди комбинат раҳбари Қувондиқ Санақулов. — Очиғини айтсам, улар орасидан ўз соҳасидан яхши хабардор ва билимли, кўзлари порлаб турган йигит-қизларни излайман. Нега дейсизми?

Чунки, улар беш-ўн йилдан сўнг корхонамиз келажагини ҳал қиладиган мутахассис ва раҳбарлар бўлиб етишишади. Қолаверса, ёшларнинг бўш вақтларини банд қилиш, ундан самарали фойдаланишлари учун барча шароитларни яратиб бериш, иқтидорли ёшларнинг механика, робототехника, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа техник йўналишлар бўйича ихтиро, инновацион ғояларини муҳокама қиладиган клуб ва тўгараклар сонини ошириш каби масалалар ҳар бир бўлинма биринчи раҳбарининг муқаддас вазифаси бўлиши керак.

Учрашувда комбинат бош директори Қувондиқ Санақулов ёшларнинг саволларига атрофлича жавоб берди ва келиб тушган мурожаатлар юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.