
“Навоий ИЭС” АЖ ва Япониянинг “Mitsubishi Power Ltd” компанияси ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
“Навоий ИЭС"да қуввати 650 МВт бўлган учинчи буғ-газ қурилмаси қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида имзоланган ушбу шартнома қиймати 784,6 миллион долларни ташкил этади.
– Инвестиция лойиҳаси Президентимизнинг 2022 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2023-2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Шартнома шартларига кўра, “Mitsubishi Power Ltd” компанияси томонидан Навоий вилояти Кармана туманидаги “Навоий ИЭС” АЖда қуввати 650 МВтли янги, замонавий ва энергия самарадор буғ-газ қурилмасини қуриш ишлари олиб борилади. Лойиҳани амалга ошириш муддати 2023-2026 йиллар этиб белгиланган, – деди “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедов.
Таъкидлаш керакки, мазкур инвестиция лойиҳаси Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилади. Лойиҳа татбиқ этилгач, энергетика тизимида йилига 4,8 милиард киловатт соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқарилади. Янги қурилма ҳисобига йилига 1,1 миллиард метр куб газ тежалади ва 347 та янги иш ўрни вужудга келади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА