“Навоий ғазалларини куйласам, ўзимни ўша даврда яшаётгандек ҳис этаман”
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти билан ҳамкорликда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш ўзбек давлат академик мусиқали драма театри санъаткорлари иштирокида “Назм ва наво” адабий-мусиқий кеча ташкил этилди.
Ушбу наво кечаси Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишлаб ўтказилди. Унда ёзувчи-шоирлар, адабиётшунос олимлар, санъаткорлар қатнашди.

– Навоий ва Бобур ижоди ҳамиша бизни ҳайратга солиб келади, – дейди филология фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зуҳриддин Исомиддинов. – Алишер Навоийга дунёнинг кўплаб шаҳарлари – Москва, Токио, Вашингтонда ҳайкал қўйилган. 1968 йилда Ўшда ҳайкал қўйилган. У пайтларда мен 9-синфда ўқирдим. Ҳайкалнинг очилиш маросимини кўришга синфдошларимиз билан бирга борганмиз. Заҳириддин Муҳаммад Бобур истеъдод нуқтаи назаридан Навоийдан асло кам бўлмаган. Афсуски, унинг бутун ҳаёти от устида жангу жадалларда ўтди, кўпроқ сиёсат билан шуғулланишга мажбур бўлди.

Тадбирда Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазаллари асосида куй ва қўшиқлар янгради. Йиғилганлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш ўзбек давлат академик мусиқали драма театрининг истеъдодли актёрлари санъатларидан баҳраманд бўлишди.
– Алишер Навоий ғазалларини куйлаётган пайтимда бутун хаёлим шоир яшаган даврга кетиб қолади. Ўзимни ўша даврда яшаётгандек ҳис қиламан – дейди Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда Абдужабборова. – Чунки унинг асарларида инсоннинг бошидан ўтказаётган қийинчиликлари тасвирланган.

Тадбир ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни ўзбек ва жаҳон адабиёти намояндалари ижоди билан таништириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини тарғиб этиш ҳамда ёш авлодни халқимизнинг бой маънавий бойлиги, асрлар мобайнида ўз салмоғини йўқотмай келаётган адабиётимиз шоҳ асарлари билан таништиришга қаратилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА