Навоий вилояти ҳокимлиги ва Британия менежмент университети ўртасида инглиз тилини ўқитиш сифат ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида тузилган келишувга асосан, Навоий давлат педагогика институти ва Тошкентдаги Британия Менежмент Университети ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича Меморандум имзоланди.
Навоий давлат педагогика институти томонидан Президентимиз раҳбарлигида 2021 йилнинг 6 май куни ўтказилган “Чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида манзилли чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.
Мазкур учрашув бугунги кунда мамлакатимизда долзарб бўлиб турган – чет тилини ўқитишнинг самарали усулларини такомиллаштириш ва амалиётга жорий этиш, хорижий тил мутахассислари ва талабаларининг тил билиш кўникмаларини янада ошириш методологиясини ишлаб чиқиш каби масалаларнинг ечими учун кенг имконият яратади.
– Меморандум доирасида таълим муассасалари ўртасида маълумот алмашиш ва ўзаро манфаатли лойиҳалар устида иш олиб бориш ва амалга оширишга келишилди, – дейди институт матбуот котиби Камол Холов. – Ўзаро ҳамкорлик Навоий давлат педагогика институтига мутахассисларни волонтёр сифатида юбориш, институтнинг чет тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш ва уларни тренерлар сифатида тайёрлаш имкониятини беради. Меморандумга кўра, талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш, шунингдек, Британия менежмент университети профессор-ўқитувчиларининг тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган таълим дастурлари асосида малакасини оширишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисидаги битим юзасидан келишувга эришилди. Бу эса Навоий вилоятида чет тилларни ўқитиш сифат ва самарадорлигини янада ошириш, олий малакали мутахассислар тайёрлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Куннинг иккинчи ярмида Британия Менежмент университети делегация аъзоларининг Навоий давлат педагогика институти чет тили факультети профессор –ўқитувчилари ва талабалари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда чет тилларни ўқитишнинг долзарб муаммолари ва иккала олий таълим муассасалари ўртасида амалга ошириладиган илмий-методик масалалар юзасидан тажриба алмашилди.
Абдували Бўриев, ЎзА