
Навбаҳорлик тадбиркор “PАRADAES GARDEN” МЧЖ раҳбари Ш.Турдиев туманнинг Қоражон маҳалласи ҳудудида 1 соатда 30 тонна мевани қайта ишлайдиган завод қурди.
Заводни ҳар томонлама талаб даражасида ишлаши учун Италия ва Хитой давлатлари билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаб, вино ва вино маҳсулотлари ҳамда мева шарбатларини қайта ишлаш экспортбоплигини ҳисобга олган ҳолда Италия технологияси асосида ишга туширишни режалаштирди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикер ўринбосари А.Ҳаитов йилига 3 000 000 000 долларлик инвестиция киритиш арафасида турган тадбиркор билан юзма-юз кўришиш ва корхонани ишга туширишда тўсиқ бўлаётган омилларни аниқлаштириш мақсадида “PАRADAES GARDEN” МЧЖда бўлиб, тадбиркор муаммоларини ўрганди.
Тадбиркор спикер ўринбосарига мевани сотиб олмаслик ва бу орқали ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархининг арзонлашишига эришиш ниятида 20 гектар ерга боғдорчилик қилиш зарурати ҳам борлиги, шу важ билан тадбиркорга тавсия этилган ер майдонлари дашт ердан берилгани ва бу ерларда дарахт ўстириш имконияти йўқлигини айтиб, агар у сўраётган 20 гектар ер завод атрофидан берилса, мақсадга мувофиқ бўлишини билдирди.
Спикер ўринбосари корхона атрофидаги ер майдонлари энг зарур хом ашёларимиз бўлган пахта ва ғалла экинларига мослашганлиги, шу боис бу жойларни боғдорчилик учун бериб бўлмаслигини инобатга олиб, тадбиркорга ер алмашиш чорасини қўллашни маслаҳат берди.
Яъни тумандаги бўш ер майдонларини ўрганиб чиқиб, бошқа жойдан ер олиб ва бу ерга ишлов бериб, пахта ва ғаллага мослаштиргач , корхона атрофидаги ердан 20 гектарини алмашиш мумкинлигини айтди.
Шунингдек, заводнинг ишга туширилиши нима учун орқага сурилгани сабаблари сўралганида, тадбиркор пандемия туфайли Италиядан мутахассисларнинг Ўзбекистонга келиши бир оз кечиккани, айни кунларда эса улар етиб келиб, иш бошлагани тўғрисида гапирди. Шунингдек, яқин кунларда завод фаолияти учун старт берилишини билдирди.
– Ўйлайманки, бошлаган ишим орқали ҳам халқимизга, ҳам давлатимизга фойдам тегади. Маҳсулотларимизни нафақат ички бозоримиз , балки хорижий мамлакатларга ҳам катта миқдорда экспорт қилиш ниятимиз бор, – дейди “PАRADAES GARDEN” МЧЖ раҳбари Ш.Турдиев.
Бир ишни бошлаш унинг ярмига тенгдир. Шундай экан яхши ният билан бошланган иш тўхтамаслиги керак. Бир заводни қуриш, уни ишга тушириш учун ҳазилакам маблағ сарф қилинмайди. Токи, тадбиркор эл дастурхонига неъмат қўшаман деб пул тиккан экан, муроди ҳосил бўлсин.
М.Пирнафасова,
ЎзЛиДеП Навоий вилояти матбуот котиби