Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 17 июлдаги “Аҳолини нефть маҳсулотлари билан таъминлашнинг узлуксизлигини ва нархлар барқарорлигини таъминлаш тўғрисида”ги баённомасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда хом ашё харид қилиш ҳажмини ошириш, мамлакатимиз истеъмолчиларини нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш учун камида олти ойлик тайёр маҳсулот етказиб беришни таъминлаш, ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, GTL нафтани жалб қилиш орқали бензин ишлаб чиқаришга оид асосий масалалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига жорий йилнинг 22 июль куни GTL синтетик нафтасининг биринчи партияси қабул қилинган. Ундан тегишли қўндирма (присадка)лардан фойдаланган ҳолда автобензиннинг машҳур маркаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Ички бозорда автобензин ва дизель ёнилғиси тақчиллиги вужудга келиши ва бунинг оқибатида респyблика таъминотидаги узилишларнинг олдини олиш мақсадида, жорий йилнинг 15 июлидан бошлаб йил якунига қадар республика корхоналарида ишлаб чиқарилган 2710 ТИФ ТН кодига мансуб автобензин ва дизель ёнилғиси экспорти таъқиқланган. Шунингдек, бунда автобензин ва дизель ёнилғисини тегишли топшириқлар ва графиклар асосида сотиш фақат уларни ишлаб чиқарувчи корхонaлар томонидан экспорт шартномалари (шyнингдек, биржада тузилган шартномалар) асосида амалга оширилади.
Йиғилишда завод раҳбариятига жорий йил якунига қадар нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш прогноз кўрсаткичларини тўлиқ бажариш бўйича зарурий чоралар кўриш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи “Ўзбекистон Респyбликаси товар-хом ашё биржаси” АЖ билан биргаликда жорий йилнинг 15 июлидан 1 авryстига қадар кунлик биржа савдоларига қўйиладиган автобензин ҳажмини мавжуд ресурслардан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, нефт базалар омборидан биржа савдолари орқали харид қилиб олинган автобензинни ўз вақтида истеъмолчиларга етказиб беришни таъминлаш учун, завод томонидан тасарруфдаги нефть базаларига зарур автобензин миқдорларини юклаб бериш юзасидан жадвал (график) ишлаб чиқиш ва ижросини қатъий назоратга олиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Йиғилишда заводнинг саноат қувватларининг узлуксиз ишлаши ва мунтазам маҳсулот етказиб берилишини таъминлаш, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, зарур захираларни шакллантириш йўлида барча чоралар кўрилиши бўйича аниқ топшириқлар берилди. Бундан ташқари, ноқулай иқлим шароити (юқори ҳарорат)ни ҳисобга олиб, объектларни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш, ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича талабларга алоҳида эътибор қаратиш, ишлаб чиқариш фаолиятини доимий назорат қилиш жараёнларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Зариф Комилов, ЎзА