Нарпайда янги давр бошланди (+видео)
Шу йилнинг 18 март куни давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Нарпай туманида ҳам бўлиб, ҳудудда ислоҳотларнинг бориши билан танишган эди. Унда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш, одамлар учун муносиб турмуш шароити яратиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан зарур топшириқлар бериш билан бирга салмоқли маблағ ажратилишини ҳам билдирганди.
– Давлатимиз раҳбарининг туманимизга ташрифи янги ислоҳотларни амалга оширишга асос бўлди, бунинг учун жуда катта маблағлар ажратилди, – дейди Нарпай тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерали Алиев. – Бу маблағларнинг аксарият қисми аҳоли фаровонлиги ва даромадини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, ҳар бир оила ҳаётини ўзгартиришга йўналтирилмоқда. Буни кўплаб ижтимоий соҳа объектлари, қурилиш-инфратузилма иншоотлар қурилишида, тадбиркорлик учун имкониятлар кенгайтирилаётганида кўришимиз мумкин. Президентимизнинг туманимизда махсус саноат зонаси ташкил этиш учун 100 гектар ер ажратиш тўғрисида топшириқ беришлари Нарпайда катта воқеадир. Қисқа фурсатда бу ерлар тоифаси ўзгартирилиб, қарор қабул қилинди ва саноат зонасида зарур инфратузилма яратишга 89 миллиард сўм маблағ берилди.
Бундан ташқари, жорий йилда тадбиркорликни ривожлантириш учун 360 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди ва бу маблағ барча – 53 та маҳалла бўйича тақсимланиб, ҳоким ёрдамчилари томонидан микролойиҳалар шакллантирилмоқда. Кредит, субсидия, ссуда шаклида оилаларга ажратилиб, маҳалла банкирлари орқали ҳар бир оилагача кириб бормоқда. Бу билан маҳаллаларда ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришга эришилмоқда.
Ташриф чоғида туманга бириктирилган тижорат банкларига сунъий интеллект ёрдамида ҳар бир маҳалла имкониятини “диагностика” қилиш, “ўсиш нуқталари”ни аниқлаб, туманни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш, даромадни кўпайтириш бўйича Нарпай тажрибасини яратиш топшириғи берилган. Шу асосида маҳаллаларнинг 25 таси қулупнайчилик, 28 таси паррандачилик йўналишига ихтисослаштирилиб, биринчи босқичда 19 та маҳаллада амалий ишлар бошланди. Қулупнайчилик йўналишида 7 та маҳаллада 200 та оилани қамраб олиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда 72 оилага 2,4 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди. Ижтимоий реестрда турадиган 100 та оилага “Мароқанд сифат” кластери ҳомийлиги асосида бир сотихли иссиқхоналар қуриб берилиб, бу иссиқхоналарда қулупнай етиштириш йўлга қўйилмоқда. Айнан ушбу кластер томонидан 33 та камбағал оилага она-бола сигир берилди.
12 маҳалладаги 200 та камбағал оила эса паррандачиликка йўналтирилиб, барқарор даромад манбаига эга бўлиши таъминланади. Бунинг учун Самарқанд туманидаги “Навобод парранда” масъулияти чекланган жамият билан ҳамкорликда 15 минг бош парранда парвариши йўлга қўйилди. Бунда жўжа ва унинг озуқаси ҳам масъулияти чекланган жамият томонидан хонадонга етказилади, уларни парваришлаш учун маслаҳат ва тавсиялар берилади. Ушбу фаолият билан шуғулланган оила 40-45 кунда камида 8-10 миллион сўм даромад қилиши мумкин.
[gallery-30604]
Бу каби чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида йилнинг биринчи ярмида туманда ишсизлик даражаси 4,9 фоиздан 4,1 фоизга, камбағаллик даражаси 5 фоиздан 2,1 фоизга камайди.
Умуман, биринчи ярим йилликда туманда ўсиш суръатларига эришилди. Жумладан, саноат ишлаб чиқариши 110,3 фоизга, хизматлар ҳажми 118,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги 105,4 фоизга, қурилиш ҳажми эса 139 фоизга етди. 6,1 миллион долларлик экспорт режаси амалда 7,7 миллион долларга бажарилди. Биргина “Narpay tex” масъулияти чекланган жамияти томонидан 3,2 миллион долларлик тайёр трикотаж маҳсулотлари экспорт қилинди.
Шу пайтгача туманда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари кўп етиштирилса-да, уни қайта ишлаш кўрсаткичи деярли йўқ эди. Жорий йилнинг ўзида бу борада учта лойиҳа амалга оширилиб, 2 та музлаткичли омборхона, йилига 3 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш корхонаси ташкил этилмоқда. Хусусан, “Narpay invest” масъулияти чекланган жамиятнинг мева-сабзавот маҳсулотларини саралаш ва қайта ишлаш лойиҳаси учун 5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилиниб, корхонага Хитойнинг замонавий технологиялари ўрнатилмоқда. 70 та янги иш ўрни яратилаётган мазкур корхона яқин кунларда фаолият бошлаши кутилмоқда.
– Янги инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш орқали экспортни кўпайтириш энг муҳим вазифаларимиздан бири ҳисобланади, – дейди Ш.Алиев. – Бу борада йилнинг иккинчи ярмида инвестиция дастури асосида 17 та лойиҳани амалга ошириш ва саноат ишлаб чиқариш ҳажмини 1,6 триллион сўмга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, хизматлар ҳажми 1,8 триллион сўмга, чакана савдо ҳажми 2,3 триллион сўмга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш эса 3,4 триллион сўмга етказилади. Йил якунига қадар белгиланган барча кўрсаткичларни бажариш, иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш бўйича барча имкониятлар сафарбар этилади.
– Бу йил туманимизда барча дастурлар асосидаги қурилишларга 397 миллиард сўм маблағ ажратилди, – дейди Нарпай тумани ҳокими ўринбосари Достонбек Зиёдуллаев. – Яқин йилларда бунча катта маблағ ажратилмаганди. Масалан, ўтган йил 140 миллиард сўм берилганди. Бу йил эса биргина инвестиция дастури асосида 13 та объектга 75 миллиард сўм ажратилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 2 та мактаб, 2 та мактабгача таълим ташкилоти, 7 та тиббиёт муассасасида қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Масалан, шу пайтгача 800 ўқувчи таълим олаётган 410 ўринли 31-мактабнинг мавжуд бинолари капитал таъмирланиб, 270 ўринли қўшимча бино қуриляпти. Худди шундай, 21-мактабда ҳам мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Туманимиз маркази – Оқтош шаҳарчаси аҳолисини бир неча йиллардан буён ичимлик суви ва оқова тизими муаммоси қийнаб келарди. Шаҳарчадаги 10 та маҳалланинг учтасида марказлашган ичимлик сув тармоғи тортилмаган ҳам эди. Бори ҳам ўтган аср 60 йилларида қурилгани сабабли, бугунга келиб деярли яроқсиз ҳолга келиб қолганди. Оқтош шаҳарчасида ичимлик суви таъминоти ва оқова тизимини яхшилаш учун 80 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилди. Айни пайтда 49 километр сув, 18 километр оқава тармоғи янгиланмоқда. Шу пайтгача мавжуд бўлган 2 минг куб оқавани қайта ишлаш қувватига эга тозалаш иншооти ёнида, янги, суткасига 5 минг куб оқавани тозалаш имконини берадиган иншоот қурилмоқда. Мазкур лойиҳани келгуси йил якунига қадар ишга тушириш режалаштирилган. Бундан ташқари М-37 “Самарқанд – Бухоро – Туркманбоши” ва Д-075 автомобиль йўли кесишмаси – Мирбозор чорраҳасида пиёдалар учун ер ости ўтиш жойи қурилиши халқимизнинг кўп йиллик орзуси эди. Бу масалада ҳам давлатимиз раҳбари ташрифи баёнидан ўрин олиб, 20 миллиард сўм маблағ ажратилди ва ҳозирда туннель қурилиши қизғин давом этмоқда. Ушбу объект Мустақиллик байрамигача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
М-37 автомагистрали ёқасида жойлашган Чархин маҳалласида йўл бўйи инфратузилмаси учун 1 миллиард сўм маблағ ажратилиб, хизмат кўрсатиш ва сервис нуқталари ташкил этилмоқда. Аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида бу йил 127 хонадонли 3 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилиб, урбанизация даражаси 30 фоизга етказилади. Электр таъминотини яхшилаш учун 45 та трансформатор, 60 километр янги тармоқ тортиш ишлари олиб борилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, давлат раҳбарининг Нарпайга ташрифи туман ҳаётида янги даврни бошлади ва энг муҳими, бу янгиланиш бир ёки икки йиллик эмас, ҳудуднинг кейинги барқарор ривожланишига катта туртки берган узоқ муддатли ҳаракатга айланмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/hGy-cGKBID8" title="Narpay taraqqiyotiga katta turtki bеrildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари